Рангларда акс этган ҳаёт фалсафаси
Пойтахтимизда Ўзбекистон халқ рассоми, академик Жавлон Умарбековнинг “Абсурдлар” номли шахсий кўргазмаси очилди.
Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур маданий тадбирда таниқли санъатшунослар, мусаввирлар, адабиёт ва маданият намояндалари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда тасвирий санъат ихлосмандлари иштирок этди.
[gallery-32590]
Тадбирда сўзга чиққанлар Жавлон Умарбековнинг замонавий ўзбек тасвирий санъати ривожига қўшган улкан ҳиссасини алоҳида эътироф этди.
Таъкидланганидек, моҳир мусаввир ижодида Шарқ миниатюра санъатининг нафис анъаналари ва жаҳон тасвирий санъатининг илғор тамойиллари ўзига хос фалсафий уйғунлик топган. Рассомнинг ҳар бир асари томошабинни чуқур мушоҳада юритиш, инсон ва борлиқ моҳиятини англашга ундайди. “Абсурдлар” номли экспозициядан рассомнинг сўнгги йилларда яратган янги рангтасвир ва графика асарлари ўрин олган.
Ушбу полотноларда бугунги даврнинг мураккаб воқеликлари, инсон руҳиятидаги зиддиятлар ҳамда ҳаёт фалсафаси ўзига хос рамзий ва метафорик талқинлар орқали акс эттирилган.
Ижодкор одатий қарашлардан чекинган ҳолда, ранглар ва шакллар воситасида теран маъно-мазмун ифодалашга эришган. Кўргазма иштирокчилари тақдим этилган асарларнинг бадиий савияси, ноодатий композицион ечимлари ва чуқур ғоявий юкини юқори баҳолади.
Мутахассисларнинг қайд этишича, мазкур бадиий кўргазма пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонлари учун миллий тасвирий санъатимизнинг янги қирралари билан танишиш имконини беради.
Гулноза Бобоева,
Ойбек Пардаев (сурат),
ЎзА