Болажонларнинг севимли тарбия маскани
Наманган вилояти қўғирчоқ театри 2024 йил 10 февралда Ўзбекистон Халқ шоири Иқбол Мирзонинг тарихий асари асосида режиссёрлар Акмал Тўраев ва Элмурод Йўлчибоевлар томонидан саҳналаштирилган “Алишербек ва Ҳусайн”спектакли билан очилган.
Таълим-тарбия жараёнининг самарали воситаларидан бири ҳисобланган қўғирчоқ театри болаларнинг тасаввури, ижодкорлиги, нутқи ва фикрлаш қобилиятини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга. Қўғирчоқлар орқали намойиш этилган эртак ва саҳна кўринишлари кичкинтойларни яхшилик, меҳрибонлик, дўстлик, ҳалоллик ҳамда катталарни ҳурмат қилишдек эзгу фазилатларга ўргатади.

Эътироф этиш жоиз, Президентимизнинг 2020 йил 26 майдаги “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони Наманган вилоятида қўғирчоқ театри ташкил этилишига ҳуқуқий асос бўлди. Давлат бюджетидан ажратилган салкам 19 миллиард сўм маблағ эвазига замонавий санъат кошонаси барпо этилиб, санъатсевар болажонларга чинакам туҳфа тақдим қилинди.

Бугунги кунда вилоят қўғирчоқ театрининг умумий репертуарида тарихий, миллий, замонавий йўналишдаги 12 та спектакль мавжуд. Хусусан, давлат буюртмаси асосида ўзбек халқ эртаги Наргиза Маҳкамованинг инценировкаси асосида “Зумрад ва Қиммат”, Нурилло Аббосхоннинг фантастик драмаси давлат буюртмаси асосида “Она табиат ва Жаноб Метал”, ёш драматург Давлатилло Ғозиевнинг фантастик эртак жанридаги “Вертуал душман” асари, Чернишевнинг “Типратикан ва Қуёнойнинг саргузаштлари”, Эсонбой Ўриновнинг “Гул ва булбул” ҳамда Супониннинг “Баджаҳл қуёнча”, Ирина Лукянованинг “Карвонсарой”, Муножат Эргашева асари асосида тарихий жанрдаги “Жавоҳир табиб ёхуд Ибн Сино”, Владимир Орловнинг “Олтин жўжа” ва Бунёд Абдуғаффаров қаламига мансуб “Ўрмон қироллиги”, Нина Эрнетнинг “Ғоз жўжаси” асарлари асосида спектакллар саҳналаштирилди.

Айни кунларда бош режиссёр Акмалжон Тўраев саъй-ҳаракати билан “Виз-визжон” ҳамда қардош Туркия жумҳуриятидан таклиф этилган таниқли режссиёр Нурхан Услу томонидан рангли соя жанрида янгича, замонавий талқинда “Кичик қора балиқ” спектакллари саҳналаштирилди.

– Театримиз ижодий жамоаси республикамизда энг ёш бўлишига қарамай, барча йўналишлардаги кўрсаткичларни бажариш ва яхши натижаларни қўлга киритиш учун астойдил интилмоқда, – деди Наманган вилояти қўғирчоқ театри директори Озода Усмонова. – Мамлакатимиз раҳбарининг 2023 йил 25 декабрдаги “Аҳолига маданий хизмат кўрсатиш даражасини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ўтган давр мабойнида Навоий, Жиззах, Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Андижон ва Фарғона вилоятларига ижодий сафарлар уюштирилди. Қолаверса, Уйчи, Норин, Наманган, Янги Наманган, Давлатобод, Чуст, Косонсой, Янгиқўрғон, Учқўрғон, Тўрақўрғон, Мингбулоқ туманлари ва Наманган шаҳридаги мактаб ўқувчилари ва мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари, шунингдек, театрга келган ёш томошабинларга спектакллар намойиш этиб келинмоқда.

Театр жамоасининг халқаро даражадаги ҳамкорлиги туфайли 2025 йил май ойида Тожикистон Республикасининг Хўжанд вилоятида “Она табиат ва жаноб Метал” спектакли ҳамда 2026 йил июнь ойида “Ўрмон қироллиги” спектакли, 2025 йил октябрь ойида Қирғиз Республикасининг Ўш вилоятига ҳамда 2026 йил июнь ойида Қозоғистон Республикасининг Чимкент вилоятида “Она табиат ва жаноб Метал” спекакллари намойиш этилди.

Бундан ташқари, Республика Маданият вазирлиги бошчилигида театрда “Гендер тенглик-эркак ва аёл тенг хуқуқлилиги” мавзусида республика семинари, режиссёр ва актёрлар маҳоратини янада юксалтириш мақсадида “Режиссёр-рассом-композитор” тамойили асосида Ўзбекистон санъат арбоби, профессор, режиссёр Карим Йўлдошев ижодига бағишланган “Сермазмун ижод” мавзусида хотира кечаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фатхулла Хўжаев, рассом Завқиддин Ёдгоров иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилди.

Театр ташаббуси билан шу йил июнь ойида ёшларнинг маънавий, эстетик ва интеллектуал соҳаларидаги эҳтиёжларини қондириш борасида театрларининг қўғирчоқ ва эртак қахрамонлари иштирокидаги мусиқий чиқишларидан иборат "Puppets show" лойиҳаси Наманган шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли маданият ва истироҳат боғида катта байрам саҳнасида томошабинларга намойиш этилди. Унда Қозоғистон Республикасининг Чимкент давлат қўғирчоқ театри ҳамда Самарқанд ва Наманган вилоятлари қўғирчоқ театрлари жамоалари иштирок этди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири