Байроқни эъзозлаш — Ватанни эъзозлаш демак
Ватанимиз байроғида қўҳна тарих, халқимизнинг босиб ўтган йўли, орзу-интилишлари ва келажакка бўлган ишончи гавдаланади. Кўпинча байроқ ҳақида гап кетганда, аввало, унинг ранглари, шакли ва рамзий маъноларидан сўз боради. Аммо унинг қадри фақат ташқи кўриниши ёки баландларда мағрур ҳилпираши билан белгиланмайди. Энг муҳими, байроқ инсон қалбида қандай туйғуларни уйғотиши, унинг Ватанга бўлган муносабати ва масъулиятида қандай акс этишидир.
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг 1991 йил 18 ноябрда қабул қилиниши халқимиз ҳаётидаги муҳим тарихий воқеалардан бири бўлди. Мустақилликнинг дастлабки йилларида миллий давлат рамзига эга бўлиш мамлакатимизнинг халқаро майдонда ўз ўрни ва қиёфасига эга мустақил давлат сифатида намоён бўлишида муҳим аҳамият касб этди. «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги қонун билан тасдиқланган байроғимиз суверенитетимиз ва миллий давлатчилигимизнинг асосий рамзларидан бирига айланди.
Зеро, ўз байроғига эга бўлиш бу ўз тақдирига ўзи эгалик қилиш, мустақил тараққиёт йўлини танлаш ва келажак олдидаги масъулиятни ҳис этиш демак.
Байроғимиздаги ҳар бир ранг ва белги ўз маъносига эга. Мовий, оқ ва яшил ранглар, уларни ажратиб турувчи қизил чизиқлар, ярим ой ва ўн икки юлдуз халқимизнинг тарихий хотираси, миллий қарашлари ва эзгу орзу-интилишларини ўзида акс эттиради.
Мовий ранг осмон ва сувни, ҳаёт ва барқарорликни эслатади. Оқ ранг поклик, тинчлик ва эзгу ниятлар тимсолидир. Яшил ранг табиат, яшариш ва янгиланишни ифодалайди. Қизил чизиқлар эса ҳаёт жилоси ва тириклик рамзи сифатида талқин этилади. Бу жиҳатларни бугун мамлакатимиздаги ҳар бир ҳамюртимиз, айниқса ёш авлод билади ва юксак қадрлайди. Ярим ой халқимизнинг тарихий анъаналари ва миллий давлатчилик билан боғлиқ маъноларни англатса, ўн икки юлдуз қадимий маданий қарашларимиз, комиллик ва уйғунлик тушунчаларини ёдга солади.
Бу рамзларнинг маъносини билишнинг ўзи кифоя эмас. Уларнинг замиридаги қадриятларни англаш, асраб-авайлаш ва ҳаётимизда намоён этиш ҳам муҳим. Чунки байроқ бугунги тинч ва осуда ҳаётнинг қадрига етиш, уни асраш ҳамда келажак авлод олдидаги бурчимизни унутмасликка ундайди.
Давлат байроғига бўлган муносабатни фақат байрамлардаги тантаналар ёки расмий тадбирлардаги манзаралар билан ўлчаб бўлмайди. Албатта, байроғимизнинг халқаро майдонларда баланд кўтарилиши, спортчиларимиз ғалабаси шарафига Ўзбекистон мадҳияси янграши билан бирга ҳилпираши ҳар биримизга ўзгача ғурур бағишлайди. Ана шундай лаҳзаларда юрагимизда Ватанга бўлган меҳр ва ифтихор туйғуси янада кучаяди.
Аммо Ватанга муҳаббат фақат шундай қувончли онларда намоён бўладими? Албатта, йўқ. У ҳар куни, оддий ҳаётимизда, қилган ишимизда, одамларга бўлган муносабатимизда кўринади. Ўз вазифасини виждонан бажариш, қонунларга ҳурмат билан қараш, ҳалол меҳнат қилиш, жамият манфаатини шахсий манфаатдан устун қўя билиш ҳам Ватанга садоқатнинг бир кўринишидир. Масалан, ўз касбига масъулият билан ёндашаётган шифокор, фарзандлар таълими ва тарбиясига бор кучини бағишлаётган устоз, ҳалол меҳнати билан оиласи ва жамиятига наф келтираётган инсон юрт равнақига ўз ҳиссасини қўшмоқда. Уларнинг ҳар бири ўз меҳнати билан Ватанга бўлган ҳурматини намоён этяпти.
Шунинг учун ҳам давлат байроғини қадрлаш фақат уни улуғловчи сўзларни айтиш ёки байрамларда қўлга тутиш билан чекланмаслиги керак. Байроққа ҳурмат у ифода этаётган мустақиллик, тинчлик, бирдамлик ва миллий қадриятларга содиқ қолиш, шу қадриятларга муносиб яшашдир.
Давлат рамзларига ҳурматни ёш авлод қалбига сингдириш алоҳида эътибор талаб қилади. Чунки бугунги ёшлар эртанги кун эгалари, мамлакатнинг келажагини белгилайдиган авлод. Уларнинг байроққа муносабати фақат унинг рангларини билиш ёки давлат рамзи сифатида таниш билан чекланиб қолмаслиги лозим. Ёшлар байроқ ортида қандай тарих, қандай орзу ва қандай масъулият борлигини ҳам англаб етишлари керак.
Бу борада оила, таълим муассасалари ва жамоатчиликнинг ўрни катта. Болаларга Ватанни севиш, уни қадрлаш ҳақида гапириш муҳим, албатта. Аммо бу муҳаббатни амалда кўрсатиш ундан ҳам муҳимроқ. Зеро, фарзандлар кўпинча катталарнинг насиҳатидан кўра, уларнинг хатти-ҳаракатларидан кўпроқ ўрнак оладилар.
Яна бир жиҳат бор, яъни мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўси фақат байроғининг баланд кўтарилиши билан эмас, балки шу байроқ остида яшаётган инсонларнинг билими, маданияти, меҳнати ва ютуқлари билан ҳам белгиланади. Қайси соҳада бўлмасин, ўз ишини пухта биладиган, изланадиган, янгилик яратишга интиладиган ва ҳалол меҳнат қиладиган инсон юртининг обрўсига ҳисса қўшади.
Бугун байроғимиз тинч осмон остида ҳилпираб турибди. Балки биз бу манзарага ҳар куни кўникиб қолгандирмиз. Аммо шу осойишталик ортида қанчадан-қанча қадриятлар — мустақиллик, тинчлик, бирлик ва давлатчилигимиз турганини унутмаслигимиз керак. Зеро, тинч осмон, осуда ҳаёт ва эркин тараққиётнинг қадрини англаш ҳам фуқаролик масъулияти.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири