Қулупнай – шифобахш резавор мева
Баҳор фасли кириб келиши билан бозорларимизда мазали ва хушбўй қулупнайлар пайдо бўлади. Бу мева нафақат истеъмолчилар, балки фермер ва тадбиркорлар учун ҳам муҳим иқтисодий аҳамиятга эга. Қулупнай витаминларга бой, шифобахш хусусиятлари билан ажралиб турувчи резавор мева бўлиб, унинг етиштирилиши ва истеъмолига бўлган қизиқиш йил сайин ортмоқда.
Мутахассислар қулупнай таркибида С витамини, антиоксидантлар, флавоноидлар ва кўплаб микроэлементлар мавжудлигини таъкидлайди. Қулупнай инсон организми учун фойдали бўлиб, иммунитетни мустаҳкамлайди, юрак-қон томир тизимини қўллаб-қувватлайди, қон босимини меъёрлаштиришга ёрдам беради, ҳазм жараёнини яхшилайди, организмни токсинлардан тозалайди. Қулупнай таркибидаги антиоксидантлар қариш жараёнларини секинлаштиришга ва айрим сурункали касалликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Шу билан бирга, қулупнай ҳамма учун ҳам бирдек фойдали эмас. Айрим ҳолларда аллергик реакциялар (айниқса болаларда), ошқозон-ичак касалликлари кучайиши, диабет билан оғриганларда қанд миқдорининг ошиши каби салбий таъсирларни келтириб чиқариши мумкин. Шу боис, аллергияга мойил шахслар, ошқозон яраси ёки гастрити борлар, диабет билан оғриганлар, кичик ёшдаги болалар қулупнай истеъмол қилишда эҳтиёт бўлиши керак. Иммунитети паст бўлганларга, юрак-қон томир касалликлари хавфи борларга камқонлик (анемия) ҳолатларида, жисмоний ва руҳий чарчоқ пайтида эса кўпроқ истеъмол қилиш тавсия этилади.
Қулупнай дунё бўйлаб кенг тарқалган. Хитой –қулупнай етиштириш бўйича етакчи давлатлардан. Шунингдек, АҚШ, Мексика, Туркия, Испанияда ҳам кўп етиштирилади. Бу мамлакатларда интенсив технологиялар ва селекция ютуқлари қўлланилиши ҳисобига юқори ҳосилдорликка эришилмоқда.
Қулупнайни етиштириш ўзига хос жараён бўлиб, парваришга талабчан экинлардан бири ҳисобланади. У намликни ва ёруғликни яхши кўради, сояда яхши ҳосил бермайди. Ўзбекистон шароитида деҳқонларимиз катта-катта майдонларга қулупнайларни етиштириб, халқимиз дастурхонига тортиқ қилиб келмоқда. Асосан Тошкент вилояти, Самарқанд, Фарғона водийси, Сурхондарё ва Қашқадарё ҳудудларида етиштирилади.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, бу экин ҳали умумий қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмида катта улушни эгалламаса-да, экспортбоп ва даромадли йўналиш сифатида аҳамияти ошиб бормоқда. Айниқса, иссиқхона хўжаликларида етиштирилаётган навлар фермерлар учун янги имкониятлар очмоқда.
Қулупнай нафақат мазали ва хушбўй мева, балки инсон саломатлиги учун фойдали озуқа манбаидир. Шу билан бирга, унинг тўғри етиштирилиши ва қайта ишланиши мамлакат аграр соҳасида янги иқтисодий имкониятларни юзага келтирмоқда.
Мавсумий мева сифатида қулупнайдан оқилона фойдаланиш, уни етиштириш технологияларини такомиллаштириш ва экспорт салоҳиятини ошириш бугунги куннинг аҳамиятли вазифаларидан биридир.
Моҳигул Қосимова, ЎзА