“Қорадори – 2026” тадбирлари давом этмоқда
Зоминдаги 1 хонадонда 9 туп гиёҳванд ўсимлик ўстирилаётгани аниқланди
Жиззах вилоятининг Зомин туманидаги навбатдаги тезкор тадбир гиёҳвандликка қарши курашда ҳушёрлик ва муросасизлик қанчалик муҳим эканини яна бир бор намоён этди.
“Қорадори – 2026” кенг кўламли профилактик тадбирлари доирасида туман ички ишлар бўлими ҳамда ДХХ ходимлари томонидан ўтказилган қўшма рейд давомида Зомин туманидаги “Чилонзор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги хонадонларнинг бири кўздан кечирилди.

Текширув жараёнида мазкур хонадон ҳовлисида 4 туп, томорқа қисмида эса яна 5 туп тақиқланган ўсимлик парвариш қилиб келинаётгани маълум бўлди. Мутахассислар хулосасига кўра, жами 9 туп ўсимлик “каннабис” экани аниқланган.

Гиёҳванд моддалар манбаи ҳисобланган бу ўсимликни хонадон шароитида парваришлаб келган шахс 1962 йилда туғилган фуқаро экан. Ҳолат юзасидан унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 270-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 19 августда қабул қилинган “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги Қонуни ҳамда гиёҳвандликка қарши курашишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси доирасида мамлакатимизда ноқонуний гиёҳвандлик айланмасига қарши кескин чоралар кўрилмоқда. Айниқса, “Қорадори – 2026” тадбирлари аҳоли орасида гиёҳвандлик иллатининг олдини олиш, тақиқланган ўсимликларни етиштириш ва тарқатиш ҳолатларини барвақт аниқлашга хизмат қилмоқда.

Мутахассислар таъкидлашича, бир қарашда оддий томорқа ёки ҳовлида экилган бир туп гиёҳванд ўсимлик ҳам жамият хавфсизлигига таҳдид солувчи занжирнинг илк ҳалқасига айланиши мумкин. Шу боис бундай ҳолатларга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, ҳуқуқий маданият ва огоҳликни ошириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда.
“Қорадори – 2026” тадбирлари давом этмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири