Сурхонда “Саломатлик марафони”га старт берилди
Сурхондарё вилоятида бир ой давом этадиган “Саломатлик марафони” бугун эрта тонгдан Термиз шаҳрида “Саломатлик сари 10 минг қадам!” шиори остида оммавий юриш тадбири билан бошланди.
Соғлом турмуш тарзи кенг тарғиб қилинган пиёда юриш марафони иштирокчилари шаҳар кўчалари бўйлаб ўн минг қадам масофага ҳаракатланди, жисмоний фаоллигини янада оширди.


Вилоятда жорий йил 1-30 июнь кунлари бўлиб ўтадиган “Саломатлик марафони” доирасида вилоятнинг барча ҳудудларида спорт-соғломлаштириш тадбирлари, оммавий югуриш ва юриш марафонлари, маънавий-маърифий учрашувлар, тарғибот акциялари, бепул тиббий кўриклар ташкил этилиб, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилади. Соғлом турмуш тарзи кенг тарғиб қилиниб, оммавий спортни ривожлантириш ва жисмоний фаолликни ошириш юзасидан тегишли вазифалар амалга оширилади. Аҳолига қулайлик яратиш учун ҳудудларда махсус “Тиббиёт нуқталари” фаолияти йўлга қўйилиб, мамлакатимизнинг ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва вилоятдаги тиббиёт муассасаларининг энг тажрибали шифокорлари бепул, чуқурлаштирилган тиббий хизмат кўрсатади. Аҳоли UTT, EKG, жарроҳ, кардиолог, невролог, офтальмолог, педиатр, онколог ва бошқа тор йўналишдаги мутахассислар кўригидан ўтиши учун қулай имконият яратилмоқда. Шунингдек, соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш, касалликларнинг олдини олиш ва жисмоний фаолликни ошириш каби мавзуларда тиббий маслаҳат ва тавсиялар берилади.


Марафоннинг тантанали очилиши бугун кечки пайт бўлиб ўтади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири