Болалар кулгусида акс этган байрам қувончлари
1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Жиззах вилоятида ўтказилган маънавий-маърифий ва хайрия тадбирлари болажонларга унутилмас қувонч улашиб, жамиятда фарзандлар камолига бўлган юксак эътиборнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.
Жиззах вилояти ИИБ ҳузуридаги Қўриқлаш бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган “Болалар кулгуси — олам безаги” шиори остидаги байрам тадбирида ходимлар фарзандлари учун мазмунли ва завқли дастур тайёрланди. Айниқса, расм чизиш танлови болажонларнинг қалбидаги беғубор орзу-ҳаваслар ва ранг-баранг тасаввурларни қоғозга муҳрлаш имконини берди. Ҳар бир чизиқ, ҳар бир ранг болаларнинг ижодий дунёси, эртанги кунга бўлган ишончи ва орзуларини намоён этди.

Тадбир доирасида иштирокчиларнинг “Ўрда” экологик боғига саёҳати ҳам ташкил қилиниб, улар табиатнинг гўзал манзараларидан баҳраманд бўлишди. Қувонч ва ҳайратга тўла онлар, беғубор кулгулар ва самимий таассуротлар байрамга янада файз бағишлади.

Шунингдек, Жиззах вилояти ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармасининг Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази томонидан ҳам “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” муносабати билан эзгу тадбир ўтказилди. “Хавфсиз оила” махсус профилактик тадбири доирасида марказда сақланаётган ҳамда муассасага қайта қабул қилинган вояга етмаганлар учун маданий ҳордиқ ташкил этилди.

Болажонлар Жиззах давлат қўғирчоқ театрига олиб борилиб, улар учун намойиш этилган саҳна асари катта қизиқиш ва завқ билан қарши олинди. Қаҳрамонлар тақдири орқали эзгулик, меҳр-оқибат ва инсонпарварлик ғоялари тарғиб этилган спектакль болаларнинг маънавий оламини бойитиш, ҳаётга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири