Қонунбузарлик аниқланди
Бугунги кунда соғлом турмуш тарзига қизиқиш ортиб бораётгани сабабли табиий озиқ-овқат қўшимчалари ва ўсимлик асосидаги маҳсулотларга талаб ҳам ошиб бормоқда. Шундай маҳсулотлардан бири — psyllium бўлиб, у табиий ўсимлик толаси сифатида овқат ҳазм қилиш тизимини тартибга солиш, организм фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва соғлом овқатланишда кенг қўлланилади. Мазкур маҳсулотга ички бозорда эҳтиёж юқори бўлгани учун у асосан мамлакатимизга импорт орқали олиб кирилади.
Бироқ ҳар қандай товар каби ушбу маҳсулотнинг ҳам амалдаги қонунчилик талаблари асосида расмийлаштирилиши, тегишли божхона тўловлари тўланиши ва юк ҳужжатларида тўлиқ акс эттирилиши муҳим аҳамиятга эга.

Хусусан, Бухоро вилояти божхона бошқармасининг “Олот” чегара божхона пости орқали хориждан импорт тартибида кириб келган юк автомашинаси белгиланган божхона кўригидан ўтказилди. Назорат жараёнида автомашинадаги товарлар ва унга тегишли ҳужжатлар синчиклаб текширилди. Текширув давомида юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган, оғирлиги 1 тоннани ташкил этувчи psyllium маҳсулоти борлиги аниқланди. Яъни товар расмий ҳужжатларда қайд этилмаган ҳолда олиб киришга урингани маълум бўлди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур маҳсулот учун 65 миллион сўм миқдорида божхона тўловлари ундирилиши лозим бўлган. Бироқ ушбу мажбурий тўловлардан қочишга бўлган уриниш натижасида умумий қиймати қарийб 350 миллион сўмлик товарлар вақтинча сақлов омборига жойлаштирилди.

Айни пайтда ҳолат юзасидан тегишли тартибда қонуний чоралар кўрилмоқда ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Бу каби ҳолатлар ташқи иқтисодий фаолиятда очиқлик, ҳалоллик ва қонунга риоя қилиш нақадар муҳим эканини яна бир бор кўрсатади. Чунки қисқа муддатли манфаат илинжида қонун талабларини четлаб ўтиш оқибатида тадбиркорлик субъектлари молиявий зарар кўриши, товарлар ушлаб қолиниши ва ҳуқуқий жавобгарликка тортилиши мумкин.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.