Телеком ва таълимда стратегик келишув
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ҳамда “USM Holding” директорлар кенгаши раиси Хачатур Помбукчян ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Унда телекоммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш, алоқа хизматлари сифатини ошириш ҳамда аҳолини барқарор ва юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш, шунингдек, IT соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.
Музокаралар давомида мавжуд тармоқларни модернизация қилиш, қамровни кенгайтириш, хизматлар барқарорлигини таъминлаш ва фойдаланувчилар учун қулай ҳамда узлуксиз алоқа муҳитини шакллантириш йўналишларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Ушбу устувор вазифаларни изчил амалга ошириш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Учрашув доирасида Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда “Ucell” савдо белгиси остида фаолият юритувчи “COSCOM” МЧЖ ўртасида рақамли таълимни ривожлантириш ва ахборот технологиялари соҳасида кадрлар тайёрлашни қўллаб-қувватлашга қаратилган англашув меморандуми имзоланди.
Мазкур ҳамкорлик мамлакатда рақамли технологиялар соҳасида таълим муҳитини тизимли ривожлантириш, замонавий ўқув дастурларини жорий этиш ҳамда ёшларнинг амалий кўникмаларини оширишга хизмат қилади. Келишувда таълим жараёнига илғор IT ечимларни татбиқ этиш, ўқитувчилар малакасини ошириш ҳамда ёшларни замонавий касбларга йўналтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Шунингдек, ҳамкорлик доирасида таълим ва технология соҳалари ўртасида барқарор экотизимни шакллантириш, халқаро ва миллий лойиҳаларда иштирокни кенгайтириш, хакатонлар, олимпиадалар ҳамда соҳавий форумлар ташкил этиш режалаштирилган.
Нигора РАҲМОНОВА,
ЎзА