Қолдиқ суммага ҳар йили 14 фоиз устама ҳисоблаш бекор қилинади
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.
Сўнгги тўрт йилда аукционда сотилган 11,5 минг гектар ердан 3 минг гектарида қурилиш бошланмаган. Оқибатда қўшимча 100 минг иш ўрни, 20-25 триллион сўм қўшилган қиймат йўқотилаётгани қайд этилди.
Аукционга чиқарилган 582 гектар ер участкаси, 122 та давлат объекти бир йилдан бери сотилмай турибди.
Чунки хусусийлаштириш дастурини қабул қилишда ҳам, объектларни сотишда ҳам ҳокимларнинг ўрни билинмаётгани, тадбиркорларнинг фикри олдиндан ўрганилмаётгани қайд этилди. Аслида, ҳар объектни сотишда ҳудудга инвестиция, маҳалла учун иш ўрни биринчи ўринда бўлиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Эндиликда хусусийлаштириш дастурига объектларни киритиш, уларни сотиш ва инвестиция самарадорлиги бўйича ҳокимлар Давлат активлари агентлиги билан тенгма-тенг жавоб бериши белгиланди.
Хусусийлаштириш доирасида бўлиб тўлаш шарти билан сотилган объектлар учун қолдиқ суммага ҳар йили 14 фоиз устама ҳисоблаш бекор қилинади.
ЎзА