Марказий Осиё учун сув, иқлим ва хавфсизлик масалалари муҳокама қилинди
Тошкентдаги Марказий Осиё халқаро институтида “Иқлим ўзгариши шароитида Марказий Осиё учун сув хавфсизлигини таъминлаш” мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди. Мазкур тадбир Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ташаббуси билан 22 апрель куни Остона шаҳрида ўтказиладиган саммит арафасида ташкил этилгани билан алоҳида аҳамият касб этди.
Давра суҳбатида минтақа давлатлари ва халқаро ташкилотлар вакиллари иқлим ўзгариши шароитида сув ресурслари тақчиллиги тобора кучайиб бораётганини таъкидлаб, эндиликда бу масала нафақат экологик, балки стратегик хавфсизлик омилига айланганини қайд этдилар. Хусусан, трансчегаравий дарёлар оқими камайиши, музликлар эриши кучайиши ва ёғингарчилик тартиби бузилиши Марказий Осиёда сув таъминотига жиддий таъсир кўрсатаётганига алоҳида урғу берилди.
Мутахассислар фикрича, бугунги шароитда сув ресурсларидан оқилона, одилона ва самарали фойдаланиш, шунингдек давлатлараро ҳамкорликни кучайтириш масаласи биринчи даражали аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан Оролни қутқариш халқаро жамғармаси минтақада сув-экология соҳасидаги шерикликни мувофиқлаштирувчи асосий платформа сифатида эътироф этилди.
[gallery-28742]
Тадбир давомида Қозоғистоннинг жамғармага раислиги доирасида амалга оширилган ишлар юқори баҳоланди. Яқин кунларда раисликни қабул қилиб оладиган Ўзбекистоннинг устувор вазифалари ҳам муҳокама қилинди. Экспертлар Тошкент раислиги даврида жамғарма фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш, хусусан Орол денгизи ҳавзасини тиклашга қаратилган дастурларни амалга оширишга амалий ёндашув кучайтирилишига умид билдирдилар.
Трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш бўйича халқаро тажрибани ўзлаштириш, минтақавий ҳамкорлик механизмини такомиллаштириш ҳамда Афғонистонни сув мулоқотига жалб қилиш юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқилди. Бу тавсиялар Остона саммити кун тартибини шакллантиришда қўл келиши мумкин.
Якунда иштирокчилар Марказий Осиёда сув хавфсизлигини таъминлаш фақат умумий ёндашув ва ўзаро ишончга асосланган ҳамкорлик орқали амалга оширилиши мумкинлигини таъкидладилар. Шу жиҳатдан мазкур мулоқот минтақа учун муҳим сиёсий ва эксперт платформасига айланди.
Якунда иштирокчилар Марказий Осиёда сув хавфсизлигини таъминлаш фақат умумий ёндашув ва ўзаро ишончга асосланган ҳамкорлик орқали амалга оширилиши мумкинлигини таъкидладилар. Шу жиҳатдан мазкур мулоқот минтақа учун муҳим сиёсий ва эксперт платформасига айланди.
Мусулмон Зиё, МуҳаммадАмин (сурат), ЎзА