Президент Мурожаатномаси – инсон қадри ва истеъмолчилар манфаатларини таъминлашга қаратилган дастурий ҳужжат
Муносабат
26 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Олий Мажлисга йўлланган Мурожаатнома мамлакат тараққиётининг янги босқичида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифаларни белгилаб берган муҳим дастурий ҳужжат сифатида жамоатчилик томонидан катта қизиқиш ва қўллаб-қувватлаш билан қарши олинди.

Давлат раҳбари ўз Мурожаатномасида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш, ижтимоий адолатни таъминлаш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ҳамда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Таъкидланганидек, барча ислоҳотлар замирида инсон қадри, унинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари турмоғи лозим.
Айниқса, фуқароларнинг кундалик ҳаётида бевосита аҳамиятга эга бўлган хизматлар сифати, маҳсулот хавфсизлиги ва бозор муносабатларида адолатли рақобатни таъминлаш масалалари Мурожаатномада муҳим ўрин эгаллади. Бу эса истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш зарурлигини кўрсатади.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясининг мамлакатимизда истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва истеъмолчилик маданиятини ошириш борасида олиб бораётган фаолияти алоҳида аҳамият касб этади. Федерация томонидан сифатсиз маҳсулот ва хизматларга қарши курашиш, аҳолининг мурожаатларини ўрганиш, қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган ишлар Президент Мурожаатномасида белгилаб берилган вазифалар билан уйғун ҳолда амалга оширилмоқда.
Мурожаатномада белгиланган мақсад ва вазифалар Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси олдига ҳам янги масъулиятли вазифаларни қўяди. Хусусан, бозор иқтисодиёти шароитида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг таъсирчан механизмларини жорий этиш, рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда мурожаатларни кўриб чиқиш тизимини такомиллаштириш, жамоатчилик назоратини янада кенгайтириш долзарб аҳамият касб этади.
Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббуслар ва стратегик йўналишлар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фаолият юритаётган барча ташкилотлар, жумладан, жамоат бирлашмалари учун ҳам аниқ дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Бу эса фуқаролик жамияти институтларининг давлат бошқарувидаги ролини ошириш, аҳоли билан очиқ ва самарали мулоқотни йўлга қўйишга хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, 26 декабрь куни йўлланган Президент Мурожаатномаси Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида муҳим қадам бўлиб, у мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, жумладан, истеъмолчилар ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги ишларга янги суръат бағишлайди. Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси ҳам ушбу вазифаларни амалга оширишга муносиб ҳисса қўшишга тайёр эканини билдиради.
Жаҳонгир Саримсоқов,
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя
қилиш жамиятлари федерацияси раиси.