Кимё саноати ва таълим ҳамкорлиги янги босқичда
Бугун “Ўзкимёсаноат” АЖ бошқаруви раиси Одил Темиров “Янги Ўзбекистон” университетига ташриф буюриб, олий таълим муассасаси раҳбарияти билан учрашув ўтказди.
Учрашувда икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида таълим даргоҳи фаолияти ва дунёнинг етакчи университетлари билан ҳамкорлик алоқалари ҳақида батафсил маълумот берилди. Хусусан, Германиянинг Technical University of Munich, Буюк Британиянинг Cranfield University, Гонконг ва Пекин университетлари билан амалга оширилаётган қўшма таълим дастурлари юқори малакали кадрлар тайёрлашда муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди.

-Биз олий таълим муассасалари билан яқин ҳамкорликни давом эттириб, мамлакатда кимё соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлашга ва инновацион лойиҳаларни ривожлантиришга эътибор қаратмоқдамиз. Бу ҳамкорлик нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиёдаги таълим ва саноат интеграцияси учун муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, мамлакатда илм ва саноат уйғунлигини таъминлайди ва инновацион ривожланишда муҳим туртки бўлади, -деди О.Темиров.

Таъкидлаш керакки, "Ўзкимёсаноат” АЖ ва “Янги Ўзбекистон” университети ўртасида кимё соҳасида кадрлар тайёрлаш ва илм-фанни ривожлантиришга қаратилган “Йўл харитаси” имзоланган. Учрашувда ушбу ҳужжатда белгиланган вазифалар ижроси ҳам алоҳида кўриб чиқилди. Шунингдек, олийгоҳнинг хорижий профессор-ўқитувчилари томонидан ишлаб чиқариш корхоналари учун экологик тоза ечимлар юзасидан тақдимотлар ўтказилди.
Ташриф давомида университет ҳузурида ташкил этилган сунъий интеллект кластерлари, материалшунослик, лазер ва нанотехнология лабораториялари фаолияти билан яқиндан танишилди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА