Қашқадарёда ОИВ инфекцияси бўйича ҳолат муҳокама қилинди
Қашқадарёда ОИВ инфекцияси билан яшовчилар сони 2300 нафарни ташкил этмоқда. Бу ҳақда Қашқадарё вилоят ОИТС маркази ташаббуси билан ОАВ ходимлари иштирокида ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, тартибсиз жинсий ҳаёт, гигиенага тўла амал қилмаслик, қон ёки ҳомиладорликда онадан болага юқиши мумкин бўлган бу касаллик инсоннинг иммун тизимини буткул пасайтириб юбориши натижасида оддийгина шамоллашдан ҳам вафот этиши мумкин.

Таҳлиллар йилдан йилга ушбу касалликка чалинувчилар сонининг тобора кўпайиб бораётганини кўрсатмоқда. Хусусан, вилоятда ОИВ инфекцияси 2025 йилда ўтган 2024 йилга нисбатан 7 тага ошган. 2024 йилда 260 нафар шахсда ОИВ инфекцияси янги аниқланган бўлса, 2025 йилда эса 267 нафар шахсларда касаллик қайд этилган. 2026 йилнинг 1 апрель ҳолатида вилоятда ОИВ инфекцияси билан яшовчи шахслар 2 минг 300 нафарни ташкил этмоқда, шундан 892 нафарини аёллар ташкил этади.
Шундай экан соҳа ходимлари соғликка бефарқ бўлмасликка, мобил клиникалар ёки ОИТС марказида вирусли инфекциялар учун кечиктирмасдан тестдан ўтишни тавсия қилмоқда.
Тадбир давомида ОАВ вакиллари билан мазкур касалликка чалинган беморларни эрта аниқлаш ва унинг олдини олиш борасида тарғибот ишларида ҳамкорлик муҳим эканлиги таъкидланди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири