Пойтахтдаги кўркам манзиллар: хайрли ишларга ҳиссадорликда обод маҳалла шаклланади (+видео)
Президент ташрифидан сўнг...
“Ватан остонадан бошланади”, деган нақл бор. Юртимизда хонадонидан ташқарига қадам қўйган инсон албатта аҳил жамият билан ҳамнафас, яхшилик йўлида ҳиссадор бўлишга ундалади. Ўз-ўзидан маҳалланинг фуқаролар, жумладан, ёшлар маънавиятидаги иштироки мана шундай шаклланади. Буни эса халқона тилда айтганда, дахлдорлик туйғуси деб атаймиз.
Дарҳақиқат, бугун юртимиз маҳаллалари обод, унда истиқомат қилувчиларнинг ҳар қандай мурожаати тизимли ўрганилиб, ўз ечимини топмоқда.
Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги ана шундай обод масканлардан бири – Боғимайдон маҳалласи бугун янги қиёфада. Ҳудудда аҳоли эҳтиёжлари учун лозим бўлган барча шароит яратилган. Маҳалла 1987 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирда 41 та кўп қаватли уй, 1 минг 990 та хонадон мавжуд, бу ерда қарийб 5,5 минг нафар аҳоли истиқомат қилади.
Давлатимиз раҳбари 23 апрель куни Мирзо Улуғбек туманига ташрифи асносида мазкур маҳаллада амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан ҳам танишди. Ушбу сўлим масканда истироҳат боғи, болалар ўйин ва спорт майдончалари қад ростлаган. Шунингдек, маҳаллада ижтимоий муҳитни мустаҳкамлашга хизмат қилаётган “Нуронийлар маскани” ҳам фаолият кўрсатмоқда.
– Қадимдан тарбия маскани, мактаби, аҳолини уюштирадиган, жиписликда турли масалаларни ҳал этувчи тизим бу – маҳалла саналади, – дейди ҳудуд нуронийси Искандар Ҳайитов. – Бундай институт дунёда камдан-кам. Шунинг учун ҳам юртимизда маҳаллага ҳурмат юқори. Сўнгги ўн йилда Ўзбекистонда маҳаллаларга эътибор беқиёс даражада ошди. Уни обод қилиш, аҳолига шароитлар яратишга бежиз киришилмади. Чунки фуқаролар масаласи, мурожаатлари аввало маҳаллада ҳал этилса, Ватанга садоқат, олиб борилаётган ислоҳотларга ҳурмат шаклланади. Боғимайдон маҳалласини қаранг, бу ердаги ўзгаришларни тил билан таърифлашга сўз топилмайди. Сайрга набираларимиз билан чиқиб, роҳатланамиз, уларни мана шундай гўзал табиатни асраш, яшил маконларни қадрлашга ўргатамиз.
Ишонинг, биз маҳалламиз ободлиги билан мақтансак, юртимизнинг олис қишлоқларидаги инсонлар ҳам “Сиз бизнинг маҳаллани ҳам бир кўринг, сизникидан қолишмайди”, деб ғурурланадиган бўлган. Бу нимадан далолат? Мамлакатимизнинг ҳеч бир ҳудуди бунёдкорликдан холи эмаслигини кўрсатади. Ўша олис қишлоқ аҳли ҳам тараққиётимизнинг шукуҳини ҳис этяпти. Бугун бизнинг энг катта вазифамиз ва масъулиятимиз ёшлар тарбияси билан боғлиқ. Уларнинг юртга фидойи бўлишларини маънавий қадриятларимиз орқали сингдириб бориш биз каби нуронийларнинг мақсади саналади. Бунёдкорликлар ортида турган давлатимиз раҳбарининг ишларида барчамиз бирдек кўмаклашишимиз лозим.
Ҳудудда яшилликни асраш ва кўпайтиришга ҳам эътибор кучайтирилган. Шу мақсадда 2022 йилда экобоғ ташкил этилган, қарийб 4,5 минг туп дарахтга эга ушбу боғ бугун кекса-ю ёш учун севимли дам олиш масканига айланган.
– Маҳалламизда бугунги кунда 20 та болалар ўйингоҳи, 11 та воркаут майдончаси, 3 та мини-футбол майдони ва теннис корти ташкил этилган. 2 та мактабгача таълим ташкилоти қарийб 500 нафар болани қамраб олган, – дейди “Боғимайдон” МФЙ раиси Нуридин Очилов. – Аҳоли иқтисодий фаоллигини ошириш, бандлигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Шу мақсадда 70 дан зиёд тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Бу эса ишсизликни қисқартириш ва оилалар даромадини оширишга хизмат қилмоқда.
[gallery-28971]
Жумладан, бугун маҳалламиздаги 1 минг 48 ёшдан 949 нафарининг бандлиги таъминланган. Турар жойлар кириш қисмлари кузатув камералари ва қўриқлаш пультлари билан жиҳозланган. Ҳудудга кириб-чиқувчи шахслар ва автотранспорт воситалари замонавий технологиялар асосида назорат қилиб борилмоқда.
Видеоси қуйида:
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/1ipGMotioDM" title="Poytaxtdagi ko‘rkam manzillar: xayrli ishlarga hissadorlik obod mahalla shakllanadi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Абдулазиз РУСТАМОВ,
Носиржон ҲАЙДАРОВ (фото),
Ёқуб МЕЛИБОЕВ (видео),
ЎзА