Ёшлар билан мулоқот
Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги 41-мактабда бўлиб ўтган учрашув оддий тадбир эмас, балки тажриба ва ишонч, ўтмиш ва келажакни боғлаган маънавий кўприкка айланди.
Суд тизимида узоқ йиллар самарали фаолият юритган фахрий Нурмат Ахманов ўзининг илк таълим олган даргоҳига келиб, ёшлар билан юзма-юз мулоқот қилди. Бу мулоқот расмий чиқишлардан йироқ, ҳаёт синовларидан ўтган фикрлар, шахсий тажриба ва масъулият ҳисси билан бой бўлди.
— Бугунги ёшларимиз учун энг катта вазифа адолатни англаш ва унга садоқатли бўлишдир. Қонунни билиш кифоя эмас, унинг руҳини ҳис қилиш керак. Чунки адолат аввало инсоннинг виждонида шаклланади.
Учрашувда иштирок этган нуфузли вакиллар бу фикрларни ҳаётий мисоллар билан бойитдилар. Хусусан, Судьялар олий кенгаши матбуот котиби Арслон Эшмуродов адолатни таъминлашда очиқлик ва ишончнинг ўрни ҳақида сўз юритди. “Халқ сўзи” газетаси бош муҳаррири ўринбосари Шуҳрат Жабборов эса сўз ва ахборотнинг жамият онгига таъсири, холис фикрнинг қадри ҳақида тўхталди.
Жиззах вилоят маъмурий суди раиси Сарварбек Раҳмонов адолат тизимидаги масъулият ва ҳалоллик мезонларини ёшларга содда, аммо таъсирчан мисоллар орқали тушунтирди. Суд фахрийси Митанбой Равшанов эса ўз тажрибасидан келиб чиқиб, касб ва виждон ҳақида гапирди.
Тадбир доирасида Нурмат Ахмановнинг ҳаёти ва касбий фаолиятига бағишланган лавҳа мактаб биносига ўрнатилди. Бу ёшларни юксак мақсадга ундайдиган рамзга айланди.
Энг фаол ва намунавий ўқувчиларнинг рағбатлантирилиши, уларга китоблар ҳамда шахмат-шашка тўпламлари тақдим этилиши эса тадбирнинг амалий аҳамиятини янада кучайтирди.
Очиқ мулоқот тадбирнинг энг жонли қисми бўлди. Ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга бевосита жавоб олиб, ҳаётий қарорлар қабул қилишда йўл-йўриқ олдилар. Бу эса учрашувни расмий тадбирдан кўра, тафаккур мактабига айлантирди.
Мактаб боғидаги кўчат экиш маросими эса маънавий рамз сифатида аҳамият касб этди. Чунки дарахт экиш бу фақат табиатга эмас, балки келажакка қўшилган ҳиссадир.
Бугун жамият олдида турган энг долзарб вазифалардан бири ҳуқуқий онги юксак, адолатга садоқатли ёшларни тарбиялашдир. Бу эса фақат дарсхоналарда эмас, ана шундай мулоқотлар, шахсий ибрат ва маънавий таъсир орқали амалга ошади.
Жиззахда ўтган ушбу учрашув шуни кўрсатдики, адолат китобларда ёзилган қоида эмас, балки авлоддан авлодга ўтадиган қадриятдир.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА