Ўзбекистон, жоним тўшай соянгга...
Бугун халқимизнинг ардоқли ва суюкли шоири, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллуд топган кун. Шу муносабат билан Андижон вилоятида қатор тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири бугун эрта тонгда шоир туғилиб ўсган Марҳамат тумани Қовунчи маҳалласида, шоирнинг хонадонида ўтказилди.
Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигида бир гуруҳ вилоят фаоллари, ижодкорлар, пойтахтимиз Тошкент шаҳридан ва юртимизнинг турли вилоятларидан ташриф буюрган меҳмонлар шоир қабрини зиёрат қилди, қуръон тиловат қилиниб, унинг хотираси ёдга олинди.
Шундан сўнг шоир хонадонида ташкил этилган “Муҳаммад Юсуф уй музейи” билан танишилди, ушбу хонадонда мушоира ўтказилди.
Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 72 йиллигига бағишланган бош тадбир – адабий, маданий-маърифий кеча Андижон шаҳридаги Муҳаммад Юсуф хиёбонида бўлиб ўтди.
Тадбир аввалида иштирокчилар томонидан Муҳаммад Юсуф бюсти пойига гулчамбарлар қўйилиб, шоирга эҳтиром кўрсатилди.
Вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда шоир ва ёзувчилар, меҳнат жамоалари вакиллари, адабиёт мухлислари, олий ўқув юртлари, умумтаълим мактаблари ўқитувчи, талаба ва ўқувчилари, кенг жамоатчилик вакиллари, ижодкор ёшлар иштирок этди.
Муҳаммад Юсуф ўз она халқининг юксак орзу-интилишлари, армонлари, эртанги кунга бўлган умид ва ишончини ўз овози, ўз сози билан жўшиб куйлаган. Айниқса, унинг ватанпарварлик, миллатсеварлик мавзусидаги шеърлари ҳар бир ўзбекнинг юрагидан мустаҳкам жой олган.
Тадбирда сўз олган Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Муҳаммад Юсуф Ватан, истиқлол куйчиси сифатида халқимизнинг мангу барҳаёт шоирлардан бири, унинг ижодида миллат руҳи, халқининг дарду қувончлари, ўзликни англаш чуқур тараннум этилганлигини таъкидлаб, шоирнинг “Ўзбекистон” шеърини ўқиб берди.
О, ота маконим.
Онажон ўлкам,
Ўзбекистон, жоним тўшай соянгга.
Сендай меҳрибон йўқ,
Сенингдек кўркам.
Римни алишмасман бедапоянгга.
...
Билдимки, баридан улуғим ўзинг,
Билдимки, яқини шу тупроқ менга.
Баҳорда Бахмалда туғилган қўзинг
Араб оҳусидан азизроқ менга.
Шундан сўнг вилоят бошқарма ва ташкилотлари, олий ўқув юртлари жамоалари томонидан шоир шеърларидан намуналар ўқилди.
Муҳаммад Юсуфнинг турмуш ўртоғи Назира ас-Салом, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси бўлим бошлиғи Наргиза Асадова шоир ҳаёти ва ижоди, айниқса, унинг юртни, юксак инсоний фазилатларни улуғловчи бетакрор сатрлари халқимиз қалбидан мустаҳкам жой олганлиги, шоир шеърлари халқимиз, ёшларимиз қалбида ватанпарварлик, юртга фидойилик туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишлигини таъкидлади.
– Муҳаммад Юсуфнинг серқирра ва бетакрор ижоди жуда катта тарбиявий аҳамиятга эга, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилоят бўлими раҳбари, шоира Хуршида Ваҳобжон қизи. – Айниқса, шоир шеърлари тилининг соддалиги, оддий халқ ҳаёти, кечинмалари содда, лекин гўзал ва таъсирли сатрларда баён этилганлиги билан юртдошларимиз қалбига чуқур кириб борган. Бир сўз билан айтганда, Муҳаммад Юсуф ижоди, шеърияти ўзининг халқчиллиги билан ажралиб туради.
Тадбир адабиёт, шеърият байрамига айланиб кетди.
Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаби, умумтаълим мактаблари ўқувчи ва ўқитувчилари томонидан шоирнинг гўзал шеърларидан намуналар ўқилди, санъаткорлар томонидан шоир шеърлари билан айтиладиган қўшиқлар янгради.
Айниқса, Андижон вилояти театри санъаткорларнинг шоир ҳаётидан акс эттирган саҳна кўринишлари тадбирга ўзгача файз киритди.
Пойинг ўпсам арзир чўкка тушиб тиз.
Сен-ку мангудирсан, мен борму-йўқми,
Мен қайдан кунимни кўрардим сенсиз.
Ватан, жонга жондан яқинроғимсан,
Қавмим илдиз отар саждагоҳимсан.
(“Ватан” шеъри).
– Муҳаммад Юсуф шеърларини жуда ёқтираман, кўп шеърларини ёд олганман, – дейди тадбир иштирокчиси, Марҳамат туманидаги 22- ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиси Равшанбек Отақўзиев. – Бўлиб ўтаётган тадбир нафақат шоир хотирасини ёд олиш, ижодини тарғиб қилиш, балки, Ватанни севиш, ардоқлаш маъносида ҳам биз ёшларга катта маънавий ва руҳий озуқа беради.
[gallery-28997]
Муҳаммад Юсуф хотирасига юксак эҳтиром сифатида таваллудининг 72 йиллигига бағишланган бу каби адабий, маданий-маърифий тадбирлар меҳнат жамоалари, таълим муассасаларида, хусусан, шоир туғилиб ўсган Марҳамат туманидаги Қовунчи маҳалласида кенг нишонланди.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА