Полизчиликда илм ва анъаналар уйғунлиги: “Мирзачўл қовуни” брендининг қайта тикланиши
Юртимиз замини қадимдан деҳқончилик маданияти, хусусан, тил тилувчи қовун ва тарвузлари билан дунёга машҳур бўлиб келган. Асрлар давомида шаклланган ноёб навларни асраб-авайлаш, ҳар бир уруғни эҳтиёткорлик билан танлаб, авлоддан-авлодга ўтказиш анъанаси бугунги кунда илм-фан ва инновациялар билан бойитилиб, мутлақо янги босқичга кўтарилмоқда. Айни пайтда ўзбек полиз маҳсулотларининг халқаро бозорлардаги мавқеини мустаҳкамлашда “Мирзачўл–Агро Стар” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мазкур йўналишдаги ишлар кўлами 2025 йилдан бошлаб тизимли равишда кенгайтирилди. Хусусан, жамият томонидан республиканинг 8 та туманида қишлоқ хўжалиги ишлари ташкил этилиб, соҳага илмий ёндашувлар изчиллик билан жорий этилмоқда. Бу жараёнда нафақат ҳосилдорликни ошириш, балки маҳсулот турини кўпайтириш ҳамда экспорт салоҳиятини янги даражага кўтариш устувор вазифа этиб белгиланган. Бой деҳқончилик тажрибаси ва замонавий агротехнологияларнинг ўзаро уйғунлиги натижасида ўзбек қовун ва тарвузларининг жаҳон бозорларига чиқиш имкониятлари янада кенгаймоқда.
[gallery-28573]
Моддий-техник база ва бренд яратиш стратегияси
Моддий-техник базани мустаҳкамлаш мақсадида Хитойдан 163,5 минг долларлик замонавий техникалар ҳамда 166,2 минг долларлик лаборатория ва қайта ишлаш ускуналари харид қилинди. Тизимли ислоҳотлар натижасида 29 та маҳаллада ихтисослашув жараёнлари чуқурлаштирилиб, машҳур “Мирзачўл қовуни” бренди расман рўйхатдан ўтказилди. Пахтакор туманида эса қиймати 23,8 миллиард сўмлик йирик агромажмуа барпо этилди.
Шу билан бирга, аҳоли томорқаларидан унумли фойдаланиш ва ҳосилдорликни ошириш мақсадида 157,6 гектар майдонда тупроқ ва сув таҳлиллари ўтказилиб, деҳқонлар учун махсус ўқув-семинарлари ташкил этилди. Бу борадаги ишлар изчиллик билан, босқичма-босқич давом эттирилмоқда. Айни кунларда баҳор фасли келиши билан далаларда экин-тикин ишлари қизғин паллага кирган.
Кўкдала: полизчиликдаги «ўсиш нуқтаси»
Кўкдала тумани... Кенг далалар, меҳнаткаш инсонлар ва ерга меҳр қўйган деҳқонлар юрти. Бугун бу ҳудудда “Мирзачўл-Агро Стар” МЧЖ ташаббуси билан қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда мутлақо янгича ёндашувлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Тумандаги 35 та маҳаллада истиқомат қилувчи 33 мингдан ортиқ аҳоли томорқалари ҳамда 2 мингдан зиёд деҳқон хўжаликларини қамраб олган мазкур лойиҳа нафақат ҳосилдорликни ошириш, балки аҳоли даромадларини кўпайтиришга хизмат қилаётир.
Айниқса, Бешламиш, Сойбўйи, Толоқтепа, Ўтамайли, Шўрқудуқ, Чорвадор ва Кўкдала маҳаллалари тарвуз етиштириш бўйича «ўсиш нуқтаси» сифатида белгиланиб, бу ерларда соҳавий ихтисослашув изчиллик билан йўлга қўйилмоқда. Эндиликда анъанавий усуллар ўрнини илмий асосланган технологиялар эгалламоқда. Илмий-тадқиқот институти олимлари ва хорижий мутахассисларнинг тавсиясига кўра, уруғлар аввал лаборатория шароитида тайёрланиб, 20-25 кунлик кўчат ҳолатида далага экилмоқда. Бундай илмий ёндашув натижасида уруғ сарфи 7 баробарга камайиб, ҳосилнинг пишиб етилиш муддати тезлашди. Бу эса маҳсулотни ички ва ташқи бозорларга эртароқ ва юқори нархларда чиқариш имконини бермоқда. Энг муҳими, етиштирилаётган ўсимликларнинг турли касалликларга чидамлилиги сезиларли даражада ошди.
Илмий ёндашув ва Хитой тажрибасининг самараси
— Илгари маҳаллий деҳқонларимиз анъанавий усулда, яъни уруғни тўғридан-тўғри ерга қадаш орқали полиз экинларини парвариш қилишган, — дейди “Мирзачўл Агро-Стар” МЧЖ директори Шерзод Қурбонов. — Бунда ҳосилдорлик кўрсаткичлари тарвуздан гектарига 35 тонна, қовундан эса 25 тоннани ташкил этиб, маҳсулот 90–100 кун ичида пишиб етилар эди. Бугунги кунда Илмий-тадқиқот институти олимлари ҳамда Хитойдан жалб этилган малакали агрономларнинг тавсиясига асосан, қовун навлари аввал илмий лабораторияларда озиқлантирилмоқда. Кўчат усулида экиш тизимининг жорий этилиши натижасида уруғ сарфи учун харажатлар 7 баробарга камайди. Энг муҳими, ҳосилнинг тайёр бўлиш муддати 20 кунга қисқариб, иқтисодий самарадорлик сезиларли даражада ошди.
Хитой тажрибаси асосида экинларни зич экиш усулининг жорий этилиши бир гектар майдондаги кўчатлар сонини икки баробарга кўпайтириш ва ҳосилдорликни шунга мутаносиб равишда ошириш имконини бермоқда. Бу, ўз навбатида, жаҳон бозори талабларига мос бўлган экспортбоп — кичик калибрли ва юқори сифатли маҳсулот етиштириш учун замин яратди.
Сифатли кўчат — юқори ҳосил пойдевори
Кўкдала туманидаги замонавий агролойиҳанинг муҳим бўғинларидан бири — сифатли кўчат таъминотидир. Шу мақсадда қовун ва тарвуз кўчатлари Навоий вилоятидаги махсус ташкил этилган замонавий иссиқхона мажмуаларида парваришланмоқда. Илғор технологияларга асосланган ушбу масканларда ҳар бир уруғ аввал лаборатория шароитида тайёрланиб, сўнгра қатъий назорат остида ўсув босқичларидан ўтказилади.
Эътиборли жиҳати, иссиқхоналардаги ҳарорат, намлик ва озиқлантириш жараёнлари тўлиқ автоматлаштирилган. Бунинг натижасида кўчатлар соғлом, бақувват ва ташқи муҳит таъсирига чидамли бўлиб етишмоқда. Тайёр кўчатлар махсус шароитларда Кўкдала туманига етказилиб, белгиланган агротехник талаблар асосида экилмоқда. Шу тариқа, Навоийнинг сифатли кўчатлари Кўкдала далаларида юқори ҳосилнинг мустаҳкам пойдеворига айланмоқда.
Инфратузилма ва экологик тоза маҳсулот
Кўкдала туманида қиймати 34,9 миллиард сўм бўлган йирик лойиҳа доирасида музлаткичли омборхона, 1 гектарлик иссиқхона барпо этиш ҳамда 410 гектар майдонга полиз экинларини экиш кўзда тутилган. Сув ресурсларини иқтисод қилиш ва юқори ҳосилдорликка эришиш мақсадида 300 гектар ер майдонида томчилатиб суғориш тизими жорий этилди. Кўчат экишда пушта оралиғи 1,2-1,5 метргача зичлаштирилди, бу эса 1 гектарга 15 минг туп кўчат экиш ва ҳосилдорликни икки баробарга ошириш имконини бермоқда.
Экологик тоза маҳсулот етиштириш — бугунги давр талаби. Биоорганик ўғитлардан фойдаланиш натижасида маҳсулот таркибидаги нитрат миқдори бир неча баробар камайишига эришилди, харажатлар эса 5 баробарга қисқарди. Айни пайтда маҳсулотлар учун GLOBAL G.A.P. ва Organic халқаро сертификатларини олиш ишлари жадал олиб борилмоқда.
Пахтакор туманидаги инновацион агромажмуа
Замонавий аграр тараққиётнинг яна бир ёрқин намунаси Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида намоён бўлди. Бу ерда барпо этилган қиймати 23,8 миллиард сўмлик йирик агромажмуада замонавий офис, илмий лаборатория, тажриба участкалари, 1 гектарлик иссиқхона ва 50 киловаттлик қуёш панеллари ягона тизимда уйғунлашган.
Бу ерда робот тракторлар, дронлар ва «ақлли» суғориш тизимлари ёрдамида агротехник тадбирлар юксак аниқликда амалга оширилмоқда. Сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланган ҳолда тупроқ намлиги доимий назорат қилиниб, сув ва энергия ресурслари тежалмоқда. Бу мажмуа нафақат маҳсулот етиштириш, балки янги иш ўринлари яратиш ва ёш кадрларни тайёрлашда ҳам стратегик аҳамият касб этади.
2026 йил: истиқболдаги юксак мақсадлар
«Мирзачўл–Агро Стар» МЧЖ томонидан 2026 йилда полиз экинлари етиштиришни ривожлантириш бўйича истиқболли режалар белгиланган:
- Мирзачўл туманида: 200 гектар майдонда қиймати 23 миллиард сўмлик экологик тоза агромажмуа барпо этилмоқда.
- Кўкдала туманида: 420 гектар майдонда “Холлер”, “Бомбеиро” ва “Эсаул” каби экспортбоп навлар экилмоқда.
- Сардоба туманида: 18 гектарда кўчат парвариши ва деҳқонларга 11,2 минг туп кўчат етказиб бериш йўлга қўйилди.
- Мирзаобод туманида: Қовунни қуритиш ва қадоқлаш лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилмоқда.
- Оқолтин туманида: М-39 трассаси бўйида ихтисослашган дўконлар тармоғи барпо этилмоқда.
- Хоразм вилояти: Янгибозор туманида 473 гектар майдонда қайта ишлаш ва уруғчилик плантациялари ташкил этилмоқда.
2026 йил якунига қадар 20 минг гектар майдонда қовун ва тарвуз етиштириш орқали экспорт ҳажмини 30 миллион долларга етказиш мақсад қилинган. Етиштириладиган 7,5 минг тонна юқори сифатли маҳсулот Европа, Америка ва араб давлатлари бозорларига экспорт қилиниши кўзда тутилган.
Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, қишлоқ хўжалигига замонавий технологиялар ва халқаро тажрибанинг кириб келиши соҳа ривожида муҳим бурилиш ясамоқда. Бу каби истиқболли лойиҳалар нафақат иқтисодий самарадорликни таъминлашга, балки миллий деҳқончилик анъаналарини замонавий қиёфада давом эттиришга хизмат қилади. Белгиланган вазифаларнинг сифатли ижроси эса юртимизнинг аграр соҳадаги нуфузини янада мустаҳкамлаб, халқимиз фаровонлигини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
М. Насриева,
ЎзА