Журналистлар фаолияти сарҳисоб қилинди
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Самарқанд вилоят бўлимининг умумий йиғилиши ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази ташаббуси билан ушбу ҳафтада Самарқандда давом этган “Медиа ҳафталик” доирасида ўтказилган йиғилишда уюшма вилоят бўлимининг 2021-2025 йилларда амалга оширган ишлари таҳлил қилинди ҳамда келгуси беш йиллик ҳаракатлар режаси тасдиқланди.
– Бугунги кунда вилоятимизда 33 та газета ва журнал чоп этилмоқда, битта телевидение, битта радио, 10 та интернет нашри мавжуд, – деди Ўзбекистон журналистлар уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими раиси Акрам Ҳайдаров. – Барча газеталар интернет тармоғида расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқларда саҳифаларига эга бўлиб, вилоят ҳаёти билан боғлиқ воқеа-ҳодисалар тезкор ёритилмоқда. Ҳокимликлар, ҳудудий бошқарма ва идоралар, давлат ва жамоат ташкилотларида 80 та ахборот хизмати ташкил этилган. Беш йил давомида уюшманинг вилоят бўлими томонидан ҳамкор ташкилотлар билан бирга матбуот анжумани, брифинг, давра суҳбати, пресс-тур, китоб тақдимоти, семинар, спорт мусобақаси шаклида 650 дан ортиқ тадбир ўтказилди. Бу даврда олти нафар журналист давлат мукофотлари билан тақдирланди, яна беш нафар ҳамкасбимиз “Олтин қалам” миллий мукофоти совриндори бўлди. Газета ва интернет нашрлар таҳририятлари, телевидение ва радио жамоалари Олий Мажлис ҳамда халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги жамоат фондлари томонидан эълон қилинган грантлар танловларида ғолиб бўлиб, моддий-техника базасини мустаҳкамлади, ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлади.
[gallery-29120]
Йиғилишда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Шуҳрат Орипов сўзга чиқиб мамлакатимизда ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш борасидаги ислоҳотлар, бунда журналистлар олдида турган вазифалар, уларнинг масъулиятига тўхталди.
– Бугун дунёни ахборот бошқараётган, интернет, ижтимоий тармоқлар ҳаётимизнинг ажралмас бир бўлагига айланган даврда яшаяпмиз, – деди Ш.Орипов. – Албатта, бундай пайтда жамиятнинг ҳар бир аъзоси, айниқса, журналистлар, оммавий ахборот воситалари вакилларидан огоҳлик ва сергаклик, фаоллик талаб этилади. Самарқандлик ҳамкасбларимиз бу масъулиятни ҳис қилиб, теран англаган ҳолда фаолият кўрсатаётганига гувоҳмиз, лекин бу шижоатни янаям ошириш, замонавий ахборот технологиялари, хусусан, сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланиш зарур. Уюшма вилоят бўлимининг келгуси беш йиллик ҳаракатлар режасида бунга алоҳида эътибор қаратилгани яхши. Шу билан бирга бугун йиғилишда самарқандлик журналистлар томонидан билдирилган таклиф ва ташаббуслар асосида уни такомиллаштириб, қабул қилсак мақсадга мувофиқ бўлади.
Кун тартибидаги масала муҳокамаси чоғида журналистикада профессионалликни ошириш, ахборот маконида тезкорлик ва холисликни таъминлаш, замонавий медиа талабларига мос ишлаш муҳимлиги таъкидланди.
Йиғилишда Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг навбатдаги ҳисобот йиғилишига делегатлар сайланди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари