Ёш ҳарбий хизматчилар интеллектуал синовда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Сурхондарё вилоятида Қуролли Кучлар тизимида хизмат қилаётган ёш ҳарбий хизматчилар ва ходимлар ўртасида “Аждодлар изидан” интеллектуал ўйинининг ҳудудий босқичи бўлиб ўтди.
Тадбир мамлакатимиз тарихи, бой маънавий мероси ҳамда буюк аждодларимизнинг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссасини чуқур ўрганиш, шунингдек, ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини кенг тарғиб этиш мақсадида ташкил этилди.
[gallery-29121]
Интеллектуал ўйин бешта китоб асосида тузилган саволлардан иборат бўлиб, иштирокчилар ўз билим ва тафаккурини икки босқичда синовдан ўтказди.
Мусобақада вилоятдаги турли куч тузилмаларидан 10 та жамоа иштирок этиб, ғолиблик учун кескин ва қизғин баҳслар олиб борди.
Якунларга кўра, Давлат хавфсизлик хизматининг “Матонат” жамоаси биринчи, Миллий гвардия бошқармасининг “Шерлар” жамоаси иккинчи, ДХХ Чегара қўшинларининг “Сарҳад” жамоаси учинчи ўринни эгаллади.
Ғолиб ва фаол иштирокчилар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Мазкур интеллектуал ўйин ёш ҳарбий хизматчиларнинг маънавий-маърифий салоҳиятини ошириш, китобхонликни ривожлантириш ва аждодлар меросига ҳурмат руҳини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат),ЎзА