Пахтакорда “Иқтидор” мактаб ансамбллари танловининг туман босқичи ўтказилди (+видео)
Жиззах вилояти Пахтакор туманидаги 14-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “Иқтидор” мактаб ансамбллари республика танловининг туман босқичи бўлиб ўтди.
Ёшларни санъатга ошно этиш, уларнинг ижодий қобилиятларини ривожлантириш ҳамда миллий санъат анъаналарини асраб-авайлаш мақсадида ташкил этилган тадбирда тумандаги мактаблардан 152 нафар ўқувчи иштирок этди. Танлов давомида ижро этилган куй-қўшиқлар, миллий рақслар ва саҳна кўринишлари ҳакамлар ҳайъати ва томошабинларда катта таассурот қолдирди.
Пахтакор туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Мадина Турғунованинг таъкидлашича, айни пайтда тумандаги ҳар бир мактабда ташкил этилган “Иқтидор” мактаб ансамбли тўгаракларида юзлаб ўқувчилар доимий шуғулланмоқда. Бу каби танловлар ёшларнинг маданият ва санъатга бўлган қизиқишини кучайтириш, иқтидорини намоён этиш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этишда муҳим аҳамиятга эга.
[gallery-29074]
Беллашув иштирокчиларининг ижро маҳорати, саҳна маданияти ва жамоавий чиқишлари белгиланган мезонлар асосида баҳоланди. Якунларга кўра, 1-ўрин 7-сонли мактабнинг “Ниҳол” жамоасига насиб қилди. 2-ўринни 5-сонли мактабнинг “Санъат гулшани”, 3-ўринни эса 2-сонли мактабнинг “Ёш ижрочилар” жамоаси эгаллади.
Ғолиб ва совриндорлар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди. Биринчи ўринни эгаллаган жамоа танловнинг вилоят босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Мазкур танлов иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг маънавий дунёқарашини бойитиш ва маданий салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/8XVtDC_9qms" title="Paxtakorda “Iqtidor” maktab ansambllari tanlovining tuman bosqichi o‘tkazildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат, видео), ЎзА