"Ўзбекнефтгаз" АЖда халқаро сифат менежмент тизимини жорий этиш нима беради?
Нефть ва газ соҳаси - мамлакат иқтисодиётида стратегик аҳамиятга эга йўналишлардан бири. Бу соҳада самарали бошқарув, юқори сифатли хизматлар ва замонавий технологияларни жорий қилиш корхоналар рақобатбардошлигини ошириш, ресурсларни самарали тақсимлаш ва мижозлар талабларини қондириш имконини беради.
Айниқса, бу жараёнда халқаро стандартларга асосланган сифат менежмент тизимларини жорий этиш нафақат бошқарувнинг самарадорлигини оширади, балки соҳада сифат маданиятини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.
"Ўзбекнефтгаз" АЖ ахборот хизмати раҳбари Мўмин Ибодов бу борада олиб борилаётган ишларга тўхталиб ўтди:
– "Ўзбекнефтгаз" АЖда бошқарув самарадорлигини ошириш, жараёнларни соддалаштириш ва мижозлар эҳтиёжларини янада тўлиқ қондириш мақсадида ISO 9001:2015 халқаро сифат менежмент тизими жорий этилмоқда. Ушбу ташаббус корхонанинг узоқ муддатли ривожланиш мақсадларига тўлиқ мос келиб, сифат маданиятини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Таъкидлаш керакки, ISO 9001:2015 тизими ёрдамида бошқарув жараёнлари такомиллаштирилади ва барча таркибий бўлинмалар фаолияти ягона стандартлар асосида уйғунлаштирилади. Бу эса корпоратив бошқарувни халқаро талаблар даражасига олиб чиқиш имконини беради.
Мазкур тизимни жорий этиш корхона учун бир қатор муҳим афзалликлар беради. У бошқарув жараёнларини стандартлаштириш ва уларни самарали бошқариш имконини яратади. Бунинг натижасида корпоратив бошқарув сифат маданияти даражасига кўтарилади. Хатар ва рисклар аниқланиб, уларга барқарор ечимлар топилади ҳамда мижозларга кўрсатиладиган хизмат сифати оширилади. Бу эса нафақат ички фаолиятни яхшилайди, балки халқаро ҳамкорликда корхонанинг рақобатбардошлигини ҳам кучайтириб, унинг узоқ муддатли ривожланиши учун мустаҳкам асос яратади.
Бугунги кунда ушбу тизимни жорий этиш учун “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Global Management Consult” МЧЖ орасида ҳамкорлик ўрнатилган. Марказий аппарат ходимлари учун ташкил этилган амалий тренингларда ISO 9001:2015 стандартининг асосий тамойиллари, жараёнларга йўналтирилган бошқарув, рискка асосланган ёндашув каби масалалар бўйича чуқур билимлар берилмоқда.
Машғулотларда ходимларга сифат сиёсати шакллантириш, SMT ҳужжатларини тўғри юритиш, жараёнлар самарадорлигини баҳолаш, ички аудитларга тайёргарлик кўриш ва кўрсаткичлар мониторингини йўлга қўйиш каби амалий ёндашувлар ўргатилади.
Тренингларнинг асосий мақсади эса ходимларда ISO 9001:2015 талабларига мос фикрлаш маданиятини шакллантириш, жараёнларни бошқаришда ягона ёндашувни мустаҳкамлаш ва тизимни жорий этиш босқичларини изчил амалга оширишни таъминлашдан иборат.
ЎзА мухбири
Насиба Зиёдуллаева
ёзиб олди.