Ўзбекистонда исломий банк фаолиятининг ҳуқуқий асослари белгиланди
Мамлакатимизда исломий банк фаолиятини жорий этишга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Қонуни имзоланди. Халқаро тажриба асосида, маҳаллий ва хорижий экспертлар иштирокида Марказий банк томонидан ишлаб чиқилган ушбу ҳужжат билан Солиқ ва Фуқаролик кодекслари ҳамда еттита қонунга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Қонунчиликка “исломий банк фаолияти”, “исломий молия операциялари”, “исломий молия стандартлари” ва “инвестициявий омонат” каби янги тушунчалар киритилмоқда. Эндиликда исломий банк фаолиятини амалга ошириш учун махсус лицензия талаб этилади ҳамда мазкур лицензияга эга банклар бир вақтнинг ўзида ҳам анъанавий, ҳам исломий банк хизматларини кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлади.
Тизимни тартибга солиш мақсадида Марказий банк ва тегишли банкларда Исломий молия кенгашлари ташкил этилади. Ушбу тузилмалар соҳа стандартларини ишлаб чиқиш, меъёрий ҳужжатларни кўриб чиқиш ва амалиётнинг шариат тамойилларига мувофиқлигини назорат қилиш билан шуғулланади. Шунингдек, исломий молия операцияларининг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда, Солиқ кодексига алоҳида боб киритилди. Унга кўра, исломий молия фаолиятидан олинган даромадлар солиқ солиш мақсадларида фоизли даромадларга тенглаштирилади ҳамда мижозга реализация қилинадиган товарларга қўйиладиган устама қўшилган қиймат солиғидан (ҚҚС) озод қилинади.
Жорий йилнинг 25 март куни Президент ҳузурида ўтган тақдимотда таъкидланганидек, исломий молия тизими орқали яқин беш йилда иқтисодиётга қўшимча 1 миллиард доллар миқдорида инвестиция ва депозитлар жалб қилиниши кутилмоқда. Режага кўра, жорий йилда камида битта тижорат банкида исломий “дарча”лар очилади, 2026-2030 йилларда эса тўлиқ исломий банк фаолиятини юритувчи иккита мустақил банк ташкил этилади. Республика аҳолисининг катта қисми ислом динига эътиқод қилиши ва тадбиркорларнинг муайян қисми диний қарашлари сабабли анъанавий кредитлардан фойдаланмаслиги исломий молияга бўлган эҳтиёжни юзага келтирган. Ушбу тизимнинг йўлга қўйилиши ички инвестициялар оқимини кўпайтириш, хуфиёна иқтисодиётни камайтириш ва кичик бизнесни ривожлантиришга хизмат қилади.
Исломий молиянинг асосий тамойили молиявий адолат ва шериклик ҳисобланади. Анъанавий банклардан фарқли ўлароқ, исломий банк лойиҳада тадбиркор билан тенг ҳуқуқли шерик сифатида қатнашади, яъни фойда ва зарар томонлар ўртасида келишув асосида тақсимланади. Бу тизим фоиз (рибо) эмас, балки аниқ активлар ва рухсат берилган мезонлар асосида бошқарилади. Маълумот ўрнида айтиш жоизки, бугунги кунда дунё бўйича исломий молия муассасалари сони 2 мингтага яқинлашиб, уларнинг ялпи активлари 4 триллион АҚШ долларидан ошган. Тизимнинг йиллик ўсиш суръати 20-25 фоизни ташкил этаётгани инобатга олинса, Ўзбекистонда мазкур соҳанинг ҳуқуқий мақомга эга бўлиши мамлакат молия бозорининг жозибадорлигини янада ошириши шубҳасиз.
Абдулҳаким ЭШБОЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
ЎзА