Марказий банк 10,3 миллион сўмдан юқори пул ўтказмалари устидан назоратни кучайтиришни таклиф қилди
Ўзбекистон Марказий банки тижорат банкларида пул ўтказмалари бўйича назоратни кучайтиришга қаратилган янги талабларни жорий этишни таклиф қилди.
Мазкур ўзгартишлар жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш мақсадида ишлаб чиқилган.
Лойиҳага кўра, 25 базавий ҳисоблаш миқдоридан (10,3 млн. сўм) юқори бўлган пул ўтказмалари бўйича маълумотлар янада батафсил тақдим этилиши талаб этилади. Янги қоидалар халқаро FATF тавсиялари асосида ишлаб чиқилган бўлиб, тижорат банклари ва микромолия ташкилотларига татбиқ этилади.
Таклиф этилаётган тартибга мувофиқ, пул ўтказмалари жўнатувчидан қабул қилувчигача тўлиқ кузатиб борилади. Операцияни кузатиш учун ҳисоб рақами ёки махсус идентификатор кўрсатилиши шарт бўлади.
Жисмоний шахслар учун яшаш манзили ва туғилган санаси, юридик шахслар учун эса СТИР (ИНН) маълумотлари тақдим этилади. Қабул қилувчи ҳақидаги маълумотлар кенгайтирилиб, унинг жойлашуви — шаҳар ёки мамлакат кўрсатилади.
Шунингдек, банклар ички пул ўтказмаларида жўнатувчи ва қабул қилувчи ҳақидаги маълумотларни, жумладан жисмоний шахснинг ПИНФЛ рақамини ҳам тақдим этиши лозим бўлади.
25 БҲМдан кам бўлган ўтказмалар учун соддалаштирилган талаблар сақланиб қолади. Бунда жўнатувчи ва қабул қилувчи номи ҳамда операция идентификаторини кўрсатиш етарли ҳисобланади.
Қўшимча равишда, карта орқали амалга ошириладиган тўловларда карта рақамининг тўлиқ кузатилиши таъминланади.
Нақд пул ечиш операциялари бўйича қўшимча маълумотлар шакллантирилади.
Халқаро нақд пул ечиш ҳолатларида банклар мижоз ҳақидаги маълумотларни 3 иш куни ичида тақдим этиши керак бўлади.
Мазкур таклифлар бўйича жамоатчилик муҳокамаси 4 апрелга қадар давом этади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА