Миллий қонунчилик Жаҳон савдо ташкилоти битимларига уйғунлаштирилмоқда
Мамлакатимизда ташқи савдони эркинлаштириш, экспорт тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш, Ўзбекистоннинг халқаро иқтисодиётга тўлиқ интеграциясини таъминлаш, миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти битимларига уйғунлаштириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Парламент қуйи палатаси мажлисида кўриб чиқилган навбатдаги ҳужжат — “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига экспорт тартиб-таомилларини Жаҳон савдо ташкилоти қоидаларига мувофиқлаштиришга қаратилган ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси айнан шу ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлади.
Қайд этилганидек, ушбу қонун лойиҳаси билан “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунга Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати қарорларига биноан олиб чиқиладиган буюмлар ва маҳсулотларни экспорт қилишга доир рухсатнома бериш тартибини бекор қилишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Шунингдек, лойиҳа билан лицензиялаш ва рухсат бериш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга қўлланиладиган жарималар рўйхатидан экспортга оид чекловлар чиқариб ташланмоқда.
Таъкидланганидек, белгиланаётган нормалар маҳсулотлар экспортини кенгайтириш, экспортдаги мавжуд чекловларни бартараф этиш, рақобат ва очиқ бозор муҳитини яратиш, шунингдек, миллий қонунчилигимизни ЖСТ қоидаларига уйғунлаштиришга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА