Ўзбекистон ва Хитой энергетика соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Тошкент шаҳрида Ўзбекистон-Хитой ҳукуматлараро ҳамкорлик қўмитасининг энергетика соҳасидаги кичик қўмитаси 8-йиғилиши ўтказилди.
Учрашувга Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва Хитой Давлат энергетика бошқармаси раиси Ван Хунчжи раислик қилди. Унда икки давлат вазирликлари ва йирик энергетика компаниялари вакиллари иштирок этди.

Унда энергетика соҳасидаги ҳамкорлик икки давлат раҳбарларининг келишувлари асосида изчил ривожланиб бораётгани таъкидланди. Томонлар нефть-газ, электр энергетикаси ва қайта тикланувчи энергия манбалари йўналишларидаги лойиҳаларни амалга ошириш муҳим эканини қайд этди.
Шунингдек, музокаралар чоғида углеводородларни қазиб чиқариш, газ инфратузилмасини модернизация қилиш ҳамда қуёш ва шамол электр станцияларини барпо этиш бўйича истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди. Энергетика соҳасини рақамлаштириш ва кадрлар тайёрлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Вазирлик ахборот хизматига кўра, йиғилиш якунида томонлар ҳамкорликни давом эттириш ва тажриба алмашишни кенгайтиришга келишиб олди. Навбатдаги йиғилиш Хитойда ўтказилиши белгиланди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА