Ўзбекистон ва АҚШнинг Юта штати ўртасидаги шериклик амалий мазмун касб этмоқда
Ўзбекистон ва АҚШнинг Юта штати ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга бағишланган тадбир доирасида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева АҚШнинг мазкур штати Сенати раиси Стюарт Адамс бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Мулоқотда Ўзбекистон ва Юта штати ўртасидаги муносабатлар кейинги йилларда изчил ривожланиб, парламентлараро алоқалар, таълим, иқтисодиёт, соғлиқни сақлаш, гуманитар ҳамкорлик ва инсон капитали салоҳиятини ошириш каби йўналишларда янги босқичга кўтарилаётгани таъкидланди.
Томонлар Юта штати ва Ўзбекистон ўртасидаги шериклик мустаҳкам амалий мазмун касб этаётганини қайд этди.

Хусусан, Юта штати вакиллари Ўзбекистонга доимий равишда ташриф буюрмоқда. Икки томонлама алоқаларни кенгайтиришга бўлган қизиқиш тобора ортмоқда. Таълим муассасалари, ишбилармон доиралар ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари ҳам мустаҳкамланаётир.
Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, ўрнатилган алоқаларни институционал жиҳатдан мустаҳкамлаш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишда мулоқотни давом эттиришга тайёр эканини билдирди.
Н.Абдураимова, ЎзА