Ўзбекистон – Чехия: Шерикликнинг геоиқтисодий ва сиёсий таҳлили
Жаҳон сиёсати ва иқтисодиётида тектоник трансформация жараён кечаётган бугунги шароитда Янги Ўзбекистоннинг прагматик, очиқ ва кўп қиррали ташқи сиёсати аниқ натижа бермоқда. Республикамиз географик жиҳатдан узоқ, бироқ технологик ва саноат жиҳатидан яқин ҳамкорлар билан тизимли мулоқот ўрнатиб, Марказий Осиёнинг геоиқтисодий манзарасини янгидан шакллантирмоқда. Айнан шу жиҳатдан Европа Иттифоқи саноат марказларидан бири ҳисобланган Чехия Республикаси Бош вазири Андрей Бабишнинг 2026 йил 29-30 апрель кунлари Тошкентга амалга оширадиган расмий ташрифи икки давлат ўртасидаги ўттиз йилдан ортиқ тарихга эга муносабатни янги, юқори технологик, индустриал кооперация даражасига кўтариши кутиляпти.
Чехиянинг геостратегик портрети ва макроиқтисодий барқарорлиги
Европа қитъаси қоқ марказида жойлашган Чехия бугунги кунда ЕИ доирасида барқарор макроиқтисодий кўрсаткичга, кучли экспортга йўналтирилган саноат базаси ва юқори малакали инсон капиталига эга давлат сифатида эътироф этилади. 2022-2023 йиллардаги глобал энергетика ва инфляция инқирозидан сўнг мамлакат иқтисодиёти барқарор тикланиш босқичига ўтди. Чехия Молия вазирлиги шу ой эълон қилган макроиқтисодий ҳисоботда 2025 йил якуни бўйича ялпи ички маҳсулот 2,6 фоиз ўсгани, инфляция 2,5 фоизни ташкил этгани қайд этилди. Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти (OECD) маълумотига кўра, жорий йил ушбу давлатда ЯИМ ўсиши 2, 2027 йил 2,1 фоизни ташкил этиши башорат қилинган. Асосий ўсиш омили сифатида хусусий истеъмол ва ЕИ Тикланиш ва барқарорлик жамғармаси орқали йўналтирилаётган сармоя жадал ўзлаштирилиши кўрсатилган.
Глобал рейтингларни кузатсак, Чехия Иқтисодий мураккаблик индекси (Economic Complexity Index)да дунёнинг етакчи давлатлари қаторидан жой олганини кўрамиз. Яъни, республика машинасозлик, автомобилсозлик, темир йўл транспорти ишлаб чиқариш, аниқ механика ва электротехника соҳаларида юқори технологик мутахассислашувга эришган. Анъанавий савдо ҳамкорлар, хусусан Германия иқтисодиёти сустлашуви маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни янги, юқори ўсиш суръатига эга бозорлар излаш, жумладан Марказий Осиё минтақасига эътиборни кучайтиришга ундамоқда. Чехия ҳукумати томонидан амалга оширилаётган “иқтисодий дипломатия” концепциясига тўлиқ мос келадиган ушбу қадам Бош вазир Бабишнинг минтақавий турига қатъий иқтисодий мантиқ бахш этмоқда.
Чехия энергетика сектори Ўзбекистон учун зарур йўналишда қайта шаккланмоқда. Ҳозир мамлакатдаги “Дуковани” ва “Темелин” Атом электр станцияларидаги олти ядро реактори миллий электр ишлаб чиқаришнинг қарийб 40 фоизини таъминлайди. Ўтган йил 4 июнь куни давлат концерни ČEZ ва Жанубий Кореянинг “Korea Hydro & Nuclear Power” (KHNP) компанияси “Дукованы” ҳудудида ҳар бирининг қуввати 1 ГВт бўлган APR1000 русумли икки янги – бешинчи олтинчи энергия блогини қуриш бўйича шартнома имзолади. Мазкур келишув қиймати тахминан $19,2 миллиардни ташкил этади. Чехиянинг кўмирдан 2033 йилгача тўлиқ воз кечиш, асосий урғуни тинч атом ва қайта тикланувчи манбаларга кўчириш стратегияси энергетика тизимини изчил такомиллаштираётган Ўзбекистон учун алоҳида эътиборга молик.
Сиёсий мулоқот: тарихий илдиздан замонавий стратегик шериклик сари
Чехия Республикаси Ўзбекистон мустақиллигини 1992 йил 24 январда тан олган. 1993 йил 1 январь куни икки давлат ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилган. 1992 йилдаёқ очилган Чехиянинг Тошкентдаги савдо ваколатхонаси 1994 йил элчихонага айлантирилди. Ўтган йиллар мобайнида амалга оширилган олий даражадаги ўзаро ташрифлар сиёсий мулоқот пойдевори бўлиб хизмат қилди.
Муносабатлардаги ҳақиқий, сифат жиҳатидан жадал фаоллашув сўнгги ўн йилликда кузатилди. Бу борада 2023 йил туб бурилиш нуқтаси бўлди: апрель ойида Чехия Бош вазири Петр Фиала Ўзбекистонга, октябрь ойида эса мамлакатимиз Бош вазири Абдулла Арипов Прагага ташриф уюштириб, “Кенгайтирилган ҳамкорлик тўғрисида”ги Давлатлараро қўшма декларацияни имзоладилар. 2024 йил октябрида Тошкентда Чехия ташқи ишлар вазири Ян Липавский билан расмий музокара бўлиб ўтди. 2025 йил Президент Шавкат Мирзиёев ва Чехия Президенти Петр Павел БМТ Бош Ассамблеяси 80-сессияси доирасида учрашиб, икки томонлама шериклик кун тартибини стратегик даражада тасдиқладилар. Институционал жиҳатдан яна бир муҳим қадам ўтган йил февраль ойида Олий Мажлис палаталарида ўзбек-чех парламентлараро дўстлик гуруҳлари тузилишидир. Айни пайт Прагада республикамиз элчихонасини очиш бўйича амалий иш якуний босқичга кирган.
Иқтисодий шериклик ва товар айирбошлаш ўсиши
Савдо-иқтисодий ҳамкорлик алоқаларни ҳаракатлантирувчи кучдир. Сўнгги беш йилда товар айланмаси сезиларли ўсди. Шунингдек, йирик давлат харидлари сабаб, табиий тебраниш кузатилди. Чехиядан юртимизга кириб келадиган маҳсулотлар таркибида машинасозлик ускуналари, темир йўл ва авиация транспорт воситалари, кимё ва юқори технологик саноат буюмлари устун. Ўзбекистон экспорти эса хизмат, тўқимачилик, кимё маҳсулотлари, озиқ-овқат ва хом ашё каби турларни қамраб олган.
Рақамлар таҳлили кўрсатадики, 2023-24 йилларда товар айланмаси 434,7 миллион долларга етиб, рекорд қайд этгани Чехиядан транспорт техникаси сотиб олиш бўйича йирик мега-шартномалар имзолангани билан боғлиқ. 2025 йил ушбу йирик харидларни фаол етказиб бериш босқичи якунлангач, товар айланмаси 189,7 миллион доллар атрофидаги одатий мувозанат нуқтасига қайтди. Жорий йил январь-февраль ойларида эса яна барқарор ўсиш тенденцияси (+5,3 фоиз) шаклланди. Ҳозир Ўзбекистонда Чехия капитали иштирокида 40 дан зиёд компания, жумладан 100 фоиз хорижий сармояга асосланган 14 корхона фаолият юритмоқда. Бу рақамлар шериклик институционал жиҳатдан тобора чуқурлашаётганидан далолат. Иқтисодий мувофиқлаштиришнинг асосий механизми сифатида иқтисодиёт, саноат ва илмий-техника ҳамкорлиги бўйича Ҳукуматлараро комиссия фаолият юритмоқда. Гуруҳнинг 10-мажлиси 2025 йил мартда Прагада бўлиб ўтган.
Саноат кооперацияси ва инфратузилмавий мега-лойиҳалар
Икки мамлакат иқтисодий муносабатининг янги хусусияти оддий савдо алмашинувидан чуқур саноат кооперациясига изчил ўтиш жараёнидир. Бу борада Чехиянинг “Škoda Group” машинасозлик концерни лойиҳалари муҳим ўрин тутади. 2023 йил 11 октябрь куни “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ва “Škoda Group” 30 тўплам электр поезди етказиб бериш бўйича шартнома имзолади. Ҳужжат қиймати 320 миллион евро ва бу Чехия компанияси билан Ўзбекистон ўртасида тузилган тарихан энг йирик битим.
Чехия элчиси Любомир Фреборт маълум қилганидек, томонлар поездларни Ўзбекистон ҳудудида йиғиш ва эҳтиёт қисмларни босқичма-босқич маҳаллийлаштириш лойиҳасини ишга туширишга келишиб олган. Ушбу ташаббус доирасида Тошкент давлат транспорт университети ҳузурида маҳаллий кадрларни Европа стандарти асосида тайёрловчи “Škoda Academy” очилиши режалаштирилмоқда. Шу тариқа нафақат темир йўл транспортини маҳаллийлаштирилади, балки диёримизда замонавий машинасозлик тармоғи учун зарур малакали инсон капитали ҳам шакллантирилади.
Транспорт инфратузилмасидаги яна бир муҳим қадам – авиация соҳасига тегишли. 2023 йил 15 июнь куни “Uzbekistan Airways” компанияси ва Чехиянинг “LET Aircraft Industries” концерни ўртасида LET L-410 турбо винтли 4 та самолёт харид қилиш тўғрисида битим имзоланди. Қисқа ва ўта қисқа учиш-қўниш йўлакларига мослаштирилган ушбу енгил ҳаво кемалари республика ичкариси, жумладан Зарафшон, Шаҳрисабз ва Андижон шаҳарларга қатновни кўпайтириш орқали ички туризмни ривожлантиришга кўмаклашади.
Саноатнинг бошқа тармоқларида ҳам инновацион лойиҳалар амалга оширилмоқда. Чехия геология хизмати ўзбекистонлик мутахассислар билан бирга Омонтойтов олтин конини ривожлантиришга ҳисса қўшмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон Миллий университети билан ҳамкорликда Қалмоқир мис-порфир конида платина гуруҳи металлари, хусусан палладийнинг юқори миқдори аниқланди. Бундан ташқари Чехия томони Ўзбекистоннинг қазилма бойликларини қайта ишлаш, сув ресурсларини бошқариш ва мудофаа саноати соҳаларида замонавий технологик ечимлар тақдим этишга жиддий қизиқиш билдирмоқда.
Инсон капитали, таълим ва меҳнат миграцияси
Гуманитар ва ижтимоий алоқалар икки давлат интеграциясининг энг барқарор устунидир. Масалан, ушбу давлат Карлова университети, Чехия техника ва Аграр-техника университетлари мисолида ёшларимиз учун қулай академик марказга айланди. Сўнгги беш йил Чехияда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар сони икки баробар ортиб, тахминан 700 нафарга етди. Устувор йўналишлар – техника, иқтисодиёт, аграр соҳа ва ахборот технологиялари. 2025 йил 18 декабрь куни Прагада элчихонамиз кўмагида ватандошларимиз муваффақиятли мослашуви ва уларнинг жипслашишини қўллаб-қувватлашга қаратилган Ўзбекистон талабалари Ассоциацияси таъсис этилди.
Илмий йўналишда Термиз давлат университети ва Карлова университети ўртасида 2003 йилдан буён давом этаётган қўшма археологик экспедицияни алоҳида эътироф этиш жоиз. Шеробод воҳаси ва Жондавлаттепада олиб борилган қазишмалар, Кўҳитанг ва Бойсун тоғлари ён-бағридаги изланишлар, шунингдек 2021 йилдан буён Жарқўрғон тумани археологик харитасини тузиш бўйича амалга оширилган ишлар жаҳон илм-фанини бронза ва илк темир даврига оид ноёб топилмалар билан бойитди.
Меҳнат миграцияси соҳасида Чехия ҳар йили Ўзбекистон фуқаролари учун асосан соғлиқни сақлаш ва қарияларни парваришлаш йўналишларида 150 та расмий ишчи виза ажратмоқда. Айни пайт ушбу мамлакатда саноат, қурилиш, савдо ва хизмат кўрсатиш тармоқларида тахминан 3 000 нафар фуқаромиз расман фаолият юритяпти. Икки томонлама ёндашув моҳияти кўр-кўрона, норасмий миграциядан режали ва малакали кадрлар алмашинуви тизимига изчил ўтишдан иборат.
Бош вазир ташрифи: геосиёсий ва иқтисодий истиқбол
Чехия Республикаси Бош вазири Андрей Бабишнинг Тошкентга икки кунлик расмий ташрифи Марказий Осиё ва Марказий Европа ўртасидаги иқтисодий дипломатияда муҳим врқеа бўлиши кутиляпти. Айнан Ўзбекистонга ташриф расмий минтақавий тур чўққиси сифатида эътироф этилмоқда.
Делегация таркибида Бош вазирнинг биринчи ўринбосари, саноат ва савдо вазири Карел Гавличек бошчилигида энергетика, транспорт, машинасозлик ва мудофаа саноати турли тармоқларини ифодаловчи 50 га яқин компания етакчилари бор. Дастурнинг марказий тадбири – Тошкентда ўтказиладиган “Чехия – Ўзбекистон” бизнес-форумида B2B ва B2G форматларида бевосита музокаралар, иқтисодиёт ва сармоя салоҳияти тақдимоти, шунингдек қўшма ишлаб чиқариш ва инвестиция ташаббусларини амалга ошириш йўлидаги аниқ қадамлар муҳокама этилади.
Юқори даражадаги мулоқот доирасида қуйидаги қатор стратегик вазифалар ҳал этилиши режалаштирилган. Биринчидан, машинасозлик ва саноат тизимини автоматлаштириш йўналишида технология трансфери кўламини кенгайтириш, темир йўл вагонсозлиги соҳасида янги қўшма корхоналар ташкил этиш ва Тошкентда “Škoda Academy” фаолиятини ишга тушириш. Иккинчидан, Ўзбекистоннинг қўшилган қийматга эга саноат, тўқимачилик ва аграр маҳсулотлари экспортини Чехиянинг юқори даромадли бозорига етказишни жадаллаштириш орқали ўзаро савдо мувозанатини мувофиқлаштириш. Учинчидан, тинчликка хизмат қиладиган атом энергетикаси, нодир ва қимматбаҳо металларни қазиб олиш ва қайта ишлаш, сув ресурсларини бошқариш ва “яшил” иқтисодиёт соҳаларида Чехиянинг илғор технологик ечимларини миллий иқтисодиётимизга татбиқ этиш.
Хулоса
Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон ва Чехия ўртасидаги стратегик шериклик бугунги кунда миллий иқтисодиёт тармоқларини чуқур модернизация қилишга хизмат қилувчи амалий механизмга айланган. Дипломатик муносабат тарихи, фаол ишлаётган 40 дан ортиқ қўшма корхона, рекорд даражадаги “Škoda” шартномаси, темир йўл ва авиация соҳасидаги маҳаллийлаштириш лойиҳалари, шунингдек илм-фан, таълим ва меҳнат миграцияси бўйича тизимли ҳамкорлик – буларнинг бари кўп қиррали алоқалар пойдевори пишиқлигидан далолат.
Чехия Бош вазири Андрей Бабишнинг Тошкентга ишчи ташрифи мазкур конструктив, ўзаро ҳурматга асосланган ва ҳар икки томон учун манфаатли шериклик солномасида янги, юқори технологик саҳифа очиб, халқларимиз фаровонлиги ҳамда минтақавий тараққиёт йўлидаги узоқ муддатли мақсадларга эришиш учун мустаҳкам замин яратиши шубҳасиз.
Абдуазиз Хидиров,
ЎзА шарҳловчиси