Ўзбекистон ва Хитой чўлланишга қарши биргаликда курашади
Экологик муаммолар глобал таҳдид. Унга қарши курашда халқаро ҳамкорлик қанчалик муҳим? Ўзбекистон ва Хитой мутахассислари келажак авлодлар фаровонлиги учун муҳим қадамларни муҳокама қилди.
Ўрмон Агентлиги ҳамда Хитойнинг Нингхуа ўрмон хўжалиги ва яйловлар бошқармаси вакиллари иштирокидаги семинарда минтақада чўлланишга қарши кураш ва яшил ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди. Тадбирда Ўрмон агентлиги директори Эркин Муҳиддинов ҳамда Нингхуа ўрмон хўжалиги ва яйловлар бошқармаси раҳбари Ву Сияру иштирок этди. Семинарда сўз олган Эркин Муҳиддинов чўлланишга қарши курашиш, деградацияга учраган ерларни тиклаш, тупроқ эрозиясининг олдини олиш ва яшил ривожланишни жорий этишда халқаро ҳамкорликнинг ўрни беқиёс эканини алоҳида таъкидлади.

Э.Муҳиддиновнинг сўзларига кўра, атроф-муҳитни асраш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик муаммоларга бефарқ бўлмаслик – нафақат бугунги кун, балки эртанги кун инсоният фаровонлигининг гаровидир. "Шунинг учун ҳар бир қароримиз ва ҳар бир амалий қадамимиз келажак авлод манфаатига хизмат қилиши лозим", – деди у. Мулоқотлар чоғида чўл ва қурғоқчил ҳудудларда ўрмон хўжалигини юритиш, ерларни тиклаш ва улардан барқарор фойдаланиш бўйича ҳамкорлик истиқболларига эътибор қаратилди. Тадбир якунида томонлар тупроқ шўрланишининг олдини олиш ва экотизимларни босқичма-босқич мустаҳкамлаш бўйича келгусидаги мақсад ва вазифаларни белгилаб олдилар.
Санжар Тошпўлатов, ЎзА