Жойларда муаммоларни ўрганиш ва ечим топиш амалиёти йўлга қўйилмоқда
Инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг дарду ташвишларини эшитиш ва уларни ҳал этиш Янги Ўзбекистонда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бугун давлат идоралари фуқароларнинг ўзига келиб мурожаат қилишини кутиб ўтирмай, уларнинг яшаш манзилига бориб муаммоларини ўрганиш ва ечим топиш амалиётини кенг йўлга қўймоқда. Бу эса халқ билан мулоқотнинг янги ва самарали тизимини шакллантириб, инсон ҳуқуқларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилувчи навбатдаги сайёр қабул Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили — Омбудсманнинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили томонидан Бухоро шаҳрининг “Жалол Икромий” маҳалласида ташкил этилди.
Қабул давомида фуқароларнинг турли соҳаларга оид мурожаатлари тингланди. Хусусан, аҳолини иш билан таъминлаш, соғлиқни сақлаш хизматлари сифатини яхшилаш, ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларни ободонлаштириш ва инфратузилмани такомиллаштириш билан боғлиқ масалалар муҳокама марказида бўлди.
Эътиборли жиҳати шундаки, мурожаатлар расмий тартибда қабул қилинибгина қолмай, айрим ҳолатлар тегишли ташкилотлар ва мутасаддилар иштирокида жойнинг ўзида ўрганилди. Бу эса муаммоларнинг йиллар давомида ечимсиз қолиб кетишининг олдини олиш, фуқароларга тезкор ва амалий ёрдам кўрсатиш имконини берди.
Омбудсманнинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили Абира Ҳусейнованинг таъкидлашича, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, унинг ҳуқуқ ва манфаатлари мужассам. Шу боис масъул идоралар билан ҳамкорликда кўтарилган масалаларни ҳал этишнинг ҳуқуқий ва амалий механизмлари атрофлича муҳокама қилиниб, зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Бугунги кунда бундай сайёр қабуллар аҳоли билан давлат идоралари ўртасидаги ишончни мустаҳкамлашнинг муҳим воситасига айланмоқда. Фуқаролар ўз муаммоларини бевосита масъулларга етказиш имкониятига эга бўлса, мутасаддилар жойлардаги ҳақиқий вазиятни ўрганиб, аниқ ечимлар йўлини топмоқда.
“Жалол Икромий” маҳалласида ўтказилган мазкур сайёр қабул яна бир бор инсон манфаатлари ва ҳуқуқларини таъминлаш давлат сиёсатининг марказида турганини намоён этди. Фуқаролар мурожаатларига эътибор, уларнинг дардига шерик бўлиш ва муаммоларини ҳал этишга интилиш жамиятда адолат ва қонунийлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Энг муҳими, бундай мулоқотлар одамларда “менинг муаммом эшитилади, ҳуқуқларим ҳимоя қилинади” деган ишончни кучайтиради. Ана шу ишонч эса Янги Ўзбекистон тараққиётининг энг мустаҳкам пойдеворларидан бири ҳисобланади. Бухорода бўлиб ўтган мазкур сайёр қабул ҳам инсон қадрини улуғлаш йўлидаги эзгу ишлар амалда ўз ифодасини топаётганининг яна бир ёрқин намунаси бўлди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири