Тилла буюмларнинг ноқонуний кириши тўхтатилди
Бугунги глобаллашув шароитида, мамлакатлар ўртасидаги савдо-сотиқ ва йўловчилар ҳаракати тобора кенгайиб бораётган бир пайтда давлат чегаралари хавфсизлигини таъминлаш, иқтисодий манфаатларни ҳимоя қилиш ҳамда ноқонуний товар айланмасига қарши курашиш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Айниқса, қимматбаҳо буюмлар, валюта ва стратегик аҳамиятга эга маҳсулотларнинг яширин равишда олиб кирилиши ёки чиқарилишига қарши қатъий назорат ўрнатиш мамлакат иқтисодий хавфсизлигининг муҳим қисми саналади.
Бухоро вилояти божхона бошқармасининг “Бухоро аэропорти” чегара божхона пости ходимлари томонидан ана шундай ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар натижасида қимматбаҳо заргарлик буюмларини ноқонуний равишда мамлакат ҳудудига олиб киришга бўлган навбатдаги уриниш ўз вақтида фош этилди.
Маълум бўлишича, “Внуково – Бухоро” йўналиши бўйича амалга оширилган авиарейс орқали мамлакатимизга кириб келган йўловчилардан бири божхона қоидаларини четлаб ўтишга уринган. У божхона декларациясида қайд этилмаган ва божхона ходимининг оғзаки сўрови вақтида ҳам маълум қилинмаган 24 дона тилла тақинчоқни олиб ўтмоқчи бўлган.
Божхона назорати жараёнида аниқланган мазкур заргарлик буюмларининг умумий оғирлиги 41,51 грамм бўлиб, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, уларнинг қиймати қарийб 50 миллион сўм деб баҳоланмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай ҳолатлар давлат бюджетига тушиши лозим бўлган божхона тўловларидан бўйин товлаш, товарларни яширинча олиб кириш ва иқтисодий қонунчилик талабларини бузишга қаратилган ҳаракатлар сифатида баҳоланади. Шу боис божхона органлари томонидан мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, амалдаги тартибга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасига ҳаво транспорти орқали кириб келаётган жисмоний шахслар учун товарларни божсиз олиб кириш меъёри 1000 АҚШ доллари этиб белгиланган. Ушбу меъёрдан ортиқ бўлган товарлар эса қонунчиликда белгиланган тартибда мажбурий равишда божхона декларациясида кўрсатилиши лозим.
Бухоро аэропортида фош этилган мазкур ҳолат божхона органлари ходимларининг юксак касбий маҳорати, ҳушёрлиги ва масъулияти самарасидир. Зеро, ҳар бир аниқланган қонунбузарлик мамлакат иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳалол тадбиркорлик муҳитини таъминлаш ва қонунийлик тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири