Ўзбекистон – Туркия: таълим соҳасидаги ҳамкорлик ривожланмоқда
Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Туркия ўртасида таълим, илм-фан ва маданият соҳаларидаги ҳамкорлик изчил равишда ривожланиб бормоқда.
Айниқса, олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилиб, талабалар ва профессор-ўқитувчилар учун кенг имкониятлар яратмоқда. Бу каби ҳамкорликлар икки халқ ўртасидаги дўстлик ва маданий яқинликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Куни кеча пойтахтимизда жойлашган Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтига Туркиянинг Караманоғлу Меҳметбей университети вакиллари ташриф буюрди.

Учрашув давомида икки олий таълим муассасаси ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми доирасида ўзаро алоқаларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Жумладан, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви, қўшма концертлар ташкил этиш, халқаро анжуман ва конференцияларда биргаликда иштирокни йўлга қўйиш, малака ошириш ҳамда магистратура таълими бўйича қўшма таълим дастурларини ташкил этиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Мазкур учрашув икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш ва истиқболдаги амалий лойиҳаларни амалга ошириш учун муҳим қадам бўлди, дейиш мумкин.
Б.Худойбердиев, ЎзА