Ўзбекистон ташаббуси Марказий Осиё минтақасини экологик барқарор ва фаровон ҳудудга айлантиради
Президентимизнинг минтақавий экологик саммитдаги нутқи, шубҳасиз, бугунги куннинг энг долзарб масалаларини чуқур таҳлил этгани ва аниқ амалий ечимларни таклиф этгани билан алоҳида аҳамиятга эга.
Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулҳаким Эшмуродов шу ҳақда муносабат билдирди:
– Сенатор сифатида таъкидламоқчиманки, ушбу нутқда илгари сурилган асосий ғоя – экологик хавф-хатарларнинг ўзаро боғлиқлиги ва уларни фақат биргаликда ҳал этиш зарурлиги бугунги глобал воқеликка тўлиқ мос келади.
Чунки иқлим ўзгариши, сув танқислиги, ерларнинг деградацияси каби муаммолар бир давлат доирасида ҳал қилинадиган масалалар эмас, балки минтақавий ва халқаро ҳамкорликни талаб қиладиган мураккаб жараёнлардир.
Айниқса, Марказий Осиёда иқлим ўзгаришлари жаҳонга нисбатан икки баробар тез кечаётгани ҳақидаги фикрлар ҳар биримизни жиддий ўйлантириши табиий. Бу эса, бизни янада масъулиятли бўлишга, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш ва янги ёндашувларни жорий этишга ундайди.
Президентимиз томонидан қайд этилган яна бир муҳим жиҳат – глобал экологик бирдамликнинг етарли даражада эмаслиги масаласидир.
Ҳақиқатан, ривожланаётган мамлакатлар кўп ҳолларда иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини енгишда етарли молиявий ва технологик имкониятга эга эмас. Шу нуқтаи назардан, халқаро адолат ва тенг имкониятлар тамойилини илгари суриш – жуда ўринли ва долзарб ташаббус.
Нутқда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар тилга олинди. Жумладан, “Яшил макон” лойиҳаси доирасида миллиардлаб дарахтлар экилаётгани, Оролбўйида улкан ҳажмда ўрмонзорлар барпо этилаётгани, яшил энергетика улушининг ортиб бораётгани – буларнинг барчаси Ўзбекистоннинг экологик ривожланиш йўлида қатъий қадам ташлаётганини кўрсатади.
Шу билан бирга, Президентимиз томонидан илгари сурилган аниқ таклифлар – “Марказий Осиёнинг тоза ҳавоси” консорциумини ташкил этиш, яшил савдо йўлагини яратиш, ягона инвестиция портфелини шакллантириш, экологик атлас ҳамда минтақавий “Қизил китоб” ишлаб чиқиш каби ташаббуслар — нафақат долзарб, балки амалий жиҳатдан ҳам катта истиқболга эга.
Айниқса, ёшларни экологик жараёнларга кенг жалб қилиш, уларнинг онгида экологик маданиятни шакллантириш борасидаги таклифлар келажак учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Мазкур нутқ шунчаки баёнот эмас, балки аниқ мақсадлар ва амалий қадамларга асосланган стратегик дастурдир. Ишончим комилки, ушбу ташаббуслар изчил амалга оширилиши натижасида нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё минтақаси экологик барқарор ва фаровон ҳудудга айланади.
Н.Абдураимова,
ЎзА