Ўзбекистон Интерполи қидирувдаги шахсни Грузиядан экстрадиция қилди
Ўзбекистон Республикаси Интерпол миллий марказий бюроси хорижий ҳамкорлари билан ўзаро амалга оширган саъй-ҳаракатлари натижасида халқаро қидирувда бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаросини экстрадиция қилди.
Қидирувдаги шахс ўта йирик миқдордаги фирибгарликни содир этгани учун қидирувга берилган эди. Унинг жойлашган манзилини аниқлаш ва қўлга олишни ташкил этиш мақсадида Интерполнинг Ўзбекистондаги миллий марказий бюроси хорижий давлатларнинг миллий марказий бюролари билан яқин ҳамкорлик қилди.

Интерполнинг Тбилиси шаҳридаги бюроси билан ўтказилган мувофиқлаштирилган тадбирлар натижасида қидирувдаги шахс Грузия ҳудудида аниқланиб, қўлга олинди.
Халқаро қидирувни эълон қилишдан тортиб, экстрадицияни амалда ижро этишгача бўлган барча босқичларда Ўзбекистон Интерполи ушбу жараённи ташкилий-ҳуқуқий ва ахборот жиҳатдан тўлиқ таъминлади.
Грузия Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг илтимосномасини қаноатлантиргач, экстрадиция қилинган шахс Интерполнинг Ўзбекистондаги бюроси ходимлари бевосита иштирокида кейинги процессуал ҳаракатларни ўтказиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ жавобгарликка тортиш учун Тошкент шаҳрига олиб келинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА