Эски қарздорликнинг янги эгаси ким?
Рақобат қўмитаси томонидан ўтказилган ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, фуқаролар кўчмас мулкни сотиб олгандан сўнг айрим ҳолларда собиқ мулкдорга тегишли бўлган коммунал қарздорликлар янги мулкдор зиммасига юклатилмоқда. Бу амалиёт “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 21-моддасига номувофиқ ҳисобланади. Унга кўра, шартномада истеъмолчи ҳуқуқларини чекловчи ҳар қандай шартлар ноқонуний деб топилиши белгиланган.
Мазкур ҳолатлар асосан инсон омили (маълумотларни биллинг тизимига нотўғри киритиш), идоралараро электрон тизимларда маълумотларнинг ўз вақтида янгиланмаслиги ҳамда олди-сотди шартномаларига қонунчиликка номувофиқ бандларни киритиш натижасида юзага келмоқда.
Амалдаги тартибга кўра, кўчмас мулк битимлари нотариал тасдиқланишидан олдин “NOTARIUS” АТТ орқали коммунал тўловлар бўйича қарздорликлар мажбурий текширилади. Қарздорлик мавжуд бўлмаган тақдирдагина шартномани расмийлаштиришга рухсат берилади. Шунингдек, коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар биллинг маълумотларининг ҳаққонийлиги ва уларни электрон тизимларга ўз вақтида киритиш учун жавобгар ҳисобланади.
Мисол тариқасида, Рақобат қўмитаси томонидан кўриб чиқилган мурожаатда Самарқанд вилоятида истиқомат қилувчи фуқаро томонидан хонадон сотиб олингани, олди-сотди шартномаси нотариал тартибда расмийлаштирилгани ва жараёнда “NOTARIUS” АТТ тизимида ҳеч қандай қарздорлик аниқланмагани маълум қилинган. Бироқ маълум вақт ўтгач, “Самарқанд сув таъминоти” АЖ томонидан фуқарога мазкур хонадоннинг собиқ эгасига тегишли бўлган 13 миллион сўм миқдоридаги қарздорлик юклатилган.
Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 106-сонли қарори билан тасдиқланган тартибга мувофиқ, кўчмас мулк битимлари нотариал тасдиқланишидан олдин “NOTARIUS” АТТ орқали солиқ ва коммунал тўловлар бўйича қарздорликлар, шунингдек мулкка нисбатан чекловлар мажбурий текширилади. Фақат қарздорлик ва чекловлар мавжуд бўлмаган тақдирдагина ҳужжатларни расмийлаштиришга йўл қўйилади.
Шунингдек, амалдаги қонунчиликка асосан, коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ўз биллинг тизимларидаги маълумотларнинг ҳаққонийлиги учун жавобгар ҳисобланиб, ушбу маълумотларни идоралараро электрон ҳамкорлик тизимига аниқ вақт режимида (онлайн) юборилишини таъминлашга мажбур.
Қўмита томонидан “Ўзсувтаъминот” АЖга юборилган сўров асосида ўтказилган қайта хатлов натижасида мазкур қарздорлик ташкилотнинг собиқ ходими томонидан йўл қўйилган хатолик сабабли биллинг тизимида асоссиз шакллангани тасдиқланди. Натижада фуқаронинг ҳуқуқлари тикланиб, унинг фойдасига 13 миллион сўм қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланди.
Мазкур ҳолатда, олди-сотди шартномасида “Агарда қарздорлик вужудга келган тақдирда сотиб олувчи тўлайди” деган мазмундаги бандлар мавжуд бўлса-да, истеъмолчининг ҳуқуқларини чеклаб қўядиган ва қонунчиликка зид бўлган бундай талаблар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Шартномада монопол ташкилотнинг манфаатларини ифода этувчи, истеъмолчиларнинг қонунчиликда назарда тутилган ҳуқуқларини камситувчи ёки чекловчи шартларни киритиш тақиқланади.
Шу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Рақобат қўмитасининг нотариал идоралар томонидан расмийлаштирилаётган кўчмас мулк олди-сотди шартномаларидан қарздорликни сотиб олувчи зиммасига юкловчи бандларни чиқариб ташлаш бўйича Адлия вазирлигига таклифлари юборилди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА