Томорқа қўшимча даромад манбаи
Навоий вилояти Хатирчи туманининг Деҳқонобод маҳалласида “Аҳоли томорқаси ва ижара ерларидан самарали фойдаланиш, экинларни тўғри ташкил этиш” мавзусида ўқув-амалий семинари ташкил этилди.
Бугунги кунда аҳоли бандлигини таъминлаш, даромад манбаларини кенгайтириш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада жойларда амалга оширилаётган амалий ишлар, айниқса, томорқа ва ижара ерларидан самарали фойдаланишга қаратилган ташаббуслар муҳим аҳамият касб этмоқда.

Семинарда вилоятнинг туман ва шаҳарларидан келган камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимлари раҳбарлари, шунингдек, маҳаллаларда фаолият юритаётган ҳоким ёрдамчилари иштирок этди.
Тадбирда асосий эътибор аҳоли томорқаларидан унумли фойдаланиш масаласига қаратилди. Мутахассислар томонидан томорқа ерларига бозорбоп экинларни жойлаштириш, мавсумдан келиб чиқиб экиш тизимини тўғри йўлга қўйиш ва йил давомида 2-3 марта ҳосил олиш имкониятлари ҳақида атрофлича тушунчалар берилди.

Шунингдек, учрашувда “E-auksion” орқали ажратилган ижара ерларидан самарали фойдаланиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Ёшлар ва ишсиз фуқароларга берилган ер майдонларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни тўғри ташкил этиш, ердан оқилона фойдаланиш ва назоратни кучайтириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Семинар доирасида бандликни таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ҳоким ёрдамчилари томонидан аҳолини тадбиркорликка жалб этиш, уларга субсидия ва имтиёзлар ажратиш орқали даромад манбаларини яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.

Тадбир давомида маҳалладаги намунавий хонадонларда ташкил этилган иссиқхона хўжаликлари, интенсив экиш усуллари ва замонавий агротехнологиялар иштирокчиларга амалда кўрсатиб берилди. Бу эса уларга ўз ҳудудларида ҳам ушбу тажрибаларни жорий этиш имконини беради.
Семинар якунида соҳа мутасаддилари ва ҳоким ёрдамчиларига аҳоли фаровонлигини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш юзасидан аниқ тавсия ва топшириқлар берилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири