Орбан Путинга ёрдам таклиф қилди
Венгрия Бош вазири Виктор Орбан Россия Президенти Владимир Путинга ҳар қандай ёрдамга тайёрлигини билдиргани ҳақида хабарлар тарқалди. 2025 йилдаги телефон суҳбати баёнига таянилган бу маълумотда Орбан ўзини “қўлидан келганча ёрдам берувчи дўст” сифатида таърифлаган. Шунингдек, Будапештда тинчлик музокараси ўтказиш таклифини ҳам берган.
Мулоқот чоғида Орбан венгр халқ эртагидан мисол келтирган: кичик сичқон шерга ёрдам беради ва шу орқали дўстликнинг аҳамияти кўрсатилади. Путин бу қиёсни ҳазил билан қабул қилгани айтилмоқда. Икки раҳбар суҳбати дипломатия руҳида кечган бўлса-да, учрашувнинг мазмуни жиддий муҳокамага сабаб бўлди. Бу ҳақда “Euronews” ёзди.
Мазкур хабар Венгрия ва Россиянинг яқин муносабатидан хавотирни кучайтирди. Зеро, Будапештнинг Европа Иттифоқи доирасидаги позицияси кўп бор баҳсга сабаб бўлган. Орбан эса ўз сиёсатини “мустақил ва мувозанатли” дея таърифлаб келади. Путин ҳам айни ёндашувни юқори баҳолайди.
Умуман, сайлов арафасида Россиянинг Венгрия сиёсатига таъсири хусусида турли иддаолар илгари сурилмоқда. Айрим манбалар Кремль ахборот кампанияси орқали Орбанни қўллаб-қувватлаётганига эътибор қаратяпти. Ушбу ҳолат Европа сиёсий муҳитида янги баҳс келтириб чиқарди. Хуллас, вазият кўпчиликнинг диққат марказида.
Мусулмон Зиё, ЎзА