Россия Ҳурмуз инқирозидан миллиардлаб даромад олмоқда (+видео)
Москвадаги Германия-Россия ташқи савдо палатаси ҳисоб-китобига кўра, Россия Ҳурмуз бўғозидаги инқироздан катта фойда кўрмоқда, деб хабар берди Euronews.
Россия фойда кўраётган бир пайтда, Германия нефть импорти харажатларининг ошишига дуч келмоқда. Ҳурмуз бўғозининг ёпилиши ортидан юзага келган нефть инқирози сабаб Россияга қарши санкцияларнинг юмшатилиши Ғарбда хавотир уйғотган эди. Хавотирлар тўғри чиқди, ҳисоб-китобларга кўра, Россия бунинг ортидан ҳар ой бир неча миллиард доллар қўшимча даромад олмоқда.
Россия - Украина можароси бошланмасидан олдин Москва катта ҳажмда нефть, газ ва ўғитлар экспорт қилар эди. Уруш туфайли Европа давлатлари ва кейинчалик Европа Иттифоқи Россия ресурсларини харид қилишни қисқартирди, кейинчалик тўлиқ тўхтатди.
Жаҳон нефть захираларининг тахминан бешдан бир қисми Ҳурмуз бўғози орқали ўтади. Эрондаги уруш сабаб бўғознинг ёпилиши эса Россияга билвосита фойда келтирмоқда. “Ҳозир биз ёқилғилар соҳасидаги энг жиддий инқирозни бошдан кечирмоқдамиз”, - дейди Германия иқтисодий тадқиқотлар институти мутахассиси Клаудия Кемферт.
Германия - Россия ташқи савдо палатаси маълумотига кўра, Россиянинг фойдаси ойига 10 миллиард евродан ошади. Москва нефть, газ ва ўғитларни катта ҳажмда экспорт қилишда давом этмоқда. Россиянинг эҳтимолий фойдалари бу билан чекланмайди. Агар нефть нархи ҳозирги даражада, яъни баррели тахминан 100 доллар атрофида сақланса, Россия бюджет режасига нисбатан қўшимча 71,8 миллиард доллар даромад олиши мумкин.
Уруш бошланганидан бери нефть нархи тахминан 40 долларга ошган. Маълумотларга кўра, ҳозирги вазиятда Россия нефть ва газдан йилига тахминан 50 миллиард доллар қўшимча даромад олиши мумкин.
Россия - Украина уруши бошланганидан тўрт йил ўтиб, Кремль қазилма ёқилғи экспортидан жами бир триллион евродан ортиқ даромад олган. Бу Россия ҳарбий машинасини молиялаштиришнинг асосий манбаларидан бири бўлиб қолмоқда.
Энг қизиғи, бу ҳолат Европа Россия энергия манбаларига қарамликни тугатишга интилганига ва янги санкциялар жорий этилганига қарамай содир бўлмоқда.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/3Dzwq6C-Xxo" title="Rossiya Hurmuz inqirozidan milliardlab daromad olmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe> Кенжа Бекжонов, Искандар Исматов (видео), ЎзА