OPEC+ давлатлари май ойида нефть қазиб олиш ҳажмини оширади
Яқин Шарқдаги уруш шароитида йирик нефть қазиб олувчи давлатлар ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга қарор қилди. Бу чеклов сиёсатидан воз кечиш ва жаҳон бозорини барқарорлаштиришга уринишдир.
Тегишли баёнот ташкилотга аъзо саккиз давлат – Россия, Саудия Арабистони, Ироқ, Бирлашган Араб Амирликлари, Кувайт, Қозоғистон, Жазоир ва Ўмон иштирокида кечган видеоконференция якунида эълон қилинди. Бу ҳақда “Kazinform” агентлиги хабар берган.
Баёнотда келтирилишича, хом ашё қазиб олишни кўпайтириш “бозор барқарорлигини сақлаш” мақсадини кўзлайди.
Март ойида бўлиб ўтган OPEC+ йиғилишида гуруҳ аъзолари ишлаб чиқариш чегарасини кунига 206 000 баррелга кўтарган. Мазкур ташаббус жаҳон бозорига нефть етказиб беришни янада кўпайтириш, Ҳурмуз бўғози қамали шароитида муҳитни барқарорлаштиришга тайёрликни билдиради, дея таъкидлади “Reuters”.
Умуман, OPEC+ мамлакатлари 2025 йил октябрь ойидан бошлаб нефть қазиб олишни босқичма-босқич ошириб келган. Аввалроқ хом ашё нархини юқори ушлаб туриш учун чеклов жорий қилинган эди.
Г.Сатторова, ЎзА