Японияда Жангми тайфуни: Ўнлаб одамлар жароҳат олди, минглаб мактаблар ёпилди
Кучли Жангми тайфуни Японияда кенг кўламли сув тошқини, кўчки ва ҳаёт тарзида жиддий узилишларга сабаб бўлди. Ҳодиса оқибати мамлакат бўйлаб сезилмоқда.
3-июнь Чоршанба куни Жангми тайфуни Японияга етиб келди ва Тинч океанининг ғарбий ва шарқий қисмларини вайрон қилди. Бўрон сув тошқини ва кўчкига сабаб бўлди, ўнлаб одамлар жароҳат олди, деб хабар беради Kyodo агентлиги.
Олтита префектурада йигирма уч киши жароҳат олди, жароҳатларнинг аксарияти Окинавада қайд этилган.
Сидзуока префектурасида содир бўлган кўчки поезд изини лой қоплашига олиб келди, аммо поезд қатнови кун давомида тўхтатилгани сабабли ҳеч ким жароҳат олмади.
Токионинг Ҳанэда аэропорти барча эрталабки ички рейслар, шунингдек баъзи халқаро рейсларни бекор қилди. Токиони бошқа минтақалар билан боғлайдиган баъзи JR тезюрар поездлари ҳам тўхтатилди.
Бундан ташқари, Япониянинг 47 префектурасидан 23 тасида тахминан 5500 та мактаб ва университет ёпилди.
Синоптиклар Жангми шарққа силжиб, заифлашиши, энди тропик циклон сифатида хавф туғдирмаслигини башорат қилмоқда.
Аввалроқ, бўрон натижасида 16 киши жароҳат олгани ҳақида хабар берилган эди.
Г.Сатторова, ЎзА