Вашингтон Кубага қарши янги санкциялар жорий қилди (+видео)
АҚШ Куба раҳбариятига қарши санкцияларни кенгайтириб, президент ва Рауль Кастро оиласи аъзоларини ҳам чекловлар рўйхатига киритди, деб хабар берди DW нашри.
АҚШ Кубага нисбатан босимни яна кучайтирди. 4 июнь куни Оқ уй Куба президенти Мигель Диас-Канель ва мамлакатнинг собиқ раҳбари Рауль Кастро оиласининг бир неча аъзосига қарши иқтисодий санкциялар жорий қилди. Бу қарор Вашингтон ва Гавана ўртасидаги муносабатлар сўнгги ойларда янада таранглашган бир пайтда қабул қилинди.
Диас-Канелга қарши санкциялар аввал ҳам, ўтган йил июль ойида, АҚШ Давлат департаменти томонидан киритилган эди. Янги чекловлар эса унинг ўзи билан бирга рафиқаси ва ўгай ўғлини ҳам қамраб олди.
Шунингдек, Рауль Кастронинг ўғли ва набираларидан бири ҳам санкциялар рўйхатига киритилди.
Рауль Кастро — Куба инқилоби раҳбари Фидель Кастронинг укаси ҳисобланади. 95 ёшли сиёсатчи расман давлат лавозимларини эгалламаса-да, мамлакатда муҳим қарорлар қабул қилинишида ҳануз таъсирга эга деб ҳисобланади.
Ўтган ой АҚШ Рауль Кастрога қарши ҳам айбловлар эълон қилган эди. У 1996 йилда икки фуқаролик самолётининг йўқ қилинишига алоқадорликда гумон қилинмоқда. Ўша ҳодисада тўрт киши ҳалок бўлган.
Вашингтон сўнгги ойлар давомида Гаванага босимни изчил равишда ошириб келмоқда. Куба ҳукумати вакиллари АҚШни оролга қарши ҳарбий ҳаракатлар учун баҳона излашда айбламоқда.
Флорида штати соҳилларидан тахминан 145 километр узоқликда жойлашган Куба 1962 йилдан буён АҚШ иқтисодий эмбаргоси остида яшаб келмоқда. Ҳозир мамлакат Совет Иттифоқи парчаланганидан кейинги энг оғир иқтисодий инқирозни бошдан кечирмоқда. Электр энергияси узилишлари ва ёқилғи танқислиги аҳоли ҳаётига жиддий таъсир кўрсатмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/i8VEgF87i_A" title="Vashington Kubaga qarshi yangi sanksiyalar joriy qildi " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Салим Обиджонов, ЎзА