Олийгоҳларда биринчи курс талабалари учун янги ўқув йили бошланди
Бугун, 7 сентябрь куни Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларида 2026/2027 ўқув йилининг биринчи босқич талабалари учун дарс машғулотлари бошланди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ахборот хизмати тақдим этган маълумотларга кўра, жорий ўқув йилида олийгоҳларнинг 209,1 минг нафар 1-босқич талабаси илк бор талабалик ҳаётига қадам қўйди.
Янги ўқув йилининг илк кунида олий таълим муассасаларида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган “Келажак соати” маърифий дарслари ўтказилди.

Ушбу дарсларда ёшларга мамлакатимиз мустақиллик йилларида босиб ўтган тараққиёт йўли, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Янги Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёт босқичи ҳамда ёшларнинг мамлакат келажагини барпо этишдаги ўрни ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Шунингдек, дастлабки ўқув ҳафталигида биринчи босқич талабалари учун “Биринчи курс мактаби”, “Кредит таълими тизимига кириш” ҳафталиги ҳамда “Талабаликка бағишлов” тадбирлари ташкил этилмоқда.

Мазкур тадбирлар доирасида талабаларга кредит-модуль тизими, академик ҳалоллик тамойиллари, мустақил таълимни ташкил этиш, касбий ривожланиш имкониятлари ва олий таълим тизимидаги рақамли хизматлардан фойдаланиш бўйича амалий кўмак кўрсатилади.
Юқори босқич талабалари учун эса дарс машғулотлари 14 сентябрдан бошланади.
Янги ўқув йили арафасида талабалар учун зарур инфратузилмани яратиш ва уларни муносиб кутиб олиш мақсадида қатор амалий ишлар амалга оширилди. Хусусан, 13 та олий таълим муассасасида жами 6 200 ўринли янги талабалар турар жойлари ҳамда 3500 ўринли ўқув бинолари фойдаланишга топширилди.

Шунингдек, талабаларни турар жойларга тизимли жойлаштириш мақсадида олийгоҳларда тезкор штаблар, “Қалқон” гуруҳлари, тьюторлар ва волонтёрлар жамоалари ҳамда Call-марказлар фаолияти йўлга қўйилди. 408 та талабалар турар жойидаги 167 минг ўринга талабаларни жойлаштириш ишлари давом этмоқда. Бунда ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларга устуворлик берилмоқда.

Сўнгги йиллардаги олий таълим тизимида асосий эътибор мамлакатимиз ёшларини таълим олиши учун кенг имконият ва зарур шароит яратишга қаратилди. Натижада, ўтган 10 йил мобайнида олийгоҳлар сони 77 тадан 205 тага етказилди, уларга қабул 3,5 баробарга ортди.
Соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ва хусусий секторни жалб қилиш орқали 74 нодавлат олий таълим ташкилотлари ташкил этилди. Хорижий олий таълим ташкилотлари сони 32 тага, давлат олий таълим ташкилотлари 99 тага етказилди.

Ҳозирги кунга қадар 10 та техника олийгоҳлари қайта ташкил этилди. Бухоро, Қарши, Термиз, Фарғона, Нукус, Наманган, Самарқанд давлат техника университетлари, Андижон ва Олмалиқ давлат техника институтлари ҳамда Тошкент Тэч техника университети ташкил этилди.
Ёшларни олий таълим билан қамров даражаси 9 фоиздан 44 фоизга оширилди. 2017 йилда талабалар сони 279 минг нафар бўлган бўлса, 2026 йилга келиб 1,6 млн. нафардан ортди. Шундан хотин-қизлар 904 мингни (54,2 фоиз) ташкил этади. Бу, ўз навбатида, 2017 йилга нисбатан 5,7 баробарга ошганлигини кўрсатади.
2026 йилга келиб хорижий талабалар сони 24 минг нафарга етди. Олийгоҳлардаги ўқув жараёни тўлиқ кредит-модул тизимига ўтказилди. Олий таълим йўналишлари 40 фоизга мақбуллаштирилди. 28 та олий таълим ташкилотларининг 185 та таълим дастурлари халқаро аккредитациядан ўтказилди. 2 000 дан ортиқ таълим дастурлари ТОП-300 университетлари дастурларига мослаштирилди.

Хорижий университетлар билан 441 та қўшма таълим дастурлари йўлга қўйилди. Шундан, ТОП-500га кирган университетлар билан 18 та қўшма таълим дастурлари йўлга қўйилди.
Республика олий таълим муассасаларига талабаликка қабул қилишда қизлар учун алоҳида давлат грантлари асосидаги қабул кўрсаткичи ажратилди. 2021 йилдан эса эҳтиёжманд оилалар фарзанди бўлган хотин-қизлар учун давлат гранти 2 баробарга оширилди.
2022 йилдан буён давлат олийгоҳларининг магистратура босқичига тўлов-контракт асосида қабул қилинган ва таълим олаётган хотин-қизларнинг контрактини Давлат бюджетидан жами 484,1 миллиард сўм маблағ тўлаб берилди.
2026/2027 ўқув йили учун “Камбағал оилалар реестри”га киритилган оилалар фарзандлари учун 10 фоизли қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида бакалавриат таълим йўналишларига 3 600 та таълим грантлари квотаси тасдиқланди. Буларнинг барчаси мамлакатимизда олий таълим тизимини жадал ривожлантириш, ёшларни билимли, маърифатли, юксак маънавиятли инсонлар этиб вояга етказиш борасидаги эзгу ишларнинг тизимли натижаларидир.
Н.Усмонова, ЎзА