Ректор биринчи босқич талабалари билан мулоқот ўтказди
Андижон давлат тиббиёт институти ректори Мадаминжон Мадазимов институтнинг биринчи босқичига қабул қилинган ҳамда талабалар турар жойига жойлашган талабалар билан учрашиб, мулоқот ўтказди.
Учрашув давомида ректор янги ҳаёт босқичига қадам қўйган ёшларни институт талабаси бўлганликлари билан муборакбод этиб, уларнинг олдида турган муҳим вазифалар ҳақида гапирди.
– Янги ўқув йили бошланиши, яъни талабаликнинг биринчи кунида қалбингизда қандай туйғулар жўш ураётганлигини англаш қийин эмас, – дейди институт ректори, профессор Мадаминдон Мадазимов. – Бугунги кунни узоқ кутдингиз, кўп меҳнат қилдингиз, билим олдингиз ва имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб, талабалик бахтига эришдингиз. Энди эса олдингизда пухта билим олиб, етук мутахассис бўлишдек янада катта ва масъулиятли йўл турибди. Биз – устозлар бу йўлларда сизни ҳамиша қўллаб-қувватлаймиз.
Шунингдек, ректор талабаларга бундан буён астойдил ўқиш, изланиш, замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаш, устозларнинг тавсияларига амал қилиш ҳамда тиббиёт соҳасининг етук мутахассиси бўлиш учун тинимсиз меҳнат қилиш, интилиш зарурлигини таъкидлади.


Учрашув давомида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олди, шунингдек, уларга институтдаги таълим жараёнлари, талабалар турар жойидаги шароитлар ва бўш вақтларини мазмунли ўтказиш юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди.


Айни кунда Андижон давлат тиббиёт институтида 30 дан ортиқ ихтисослик йўналиши бўйича 12 минг нафарга яқин талаба таҳсил олади. Улардан 1,5 минг нафардан ортиғини хорижий талабалар ташкил этади. Жорий йилда институтнинг биринчи босқичига 1 минг 448 нафар талаба ўқишга қабул қилинди. Қабул қилинган талабаларнинг 350 нафарга яқини талабалар турар жойига жойлаштирилди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири