Сифатли таълим кучли жамиятнинг кафолатидир
Сўнгги йилларда таълим соҳасини ривожлантириш, уни замон талаблари асосида такомиллаштириш ва баркамол авлодни тарбиялаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Айниқса, бу борадаги ислоҳотлар янги босқичга кўтарилиб, таълим сифати, ўқитувчи мақоми, мактаб инфратузилмаси ва ёшлар учун яратилаётган имкониятларда ўзининг амалий ифодасини топмоқда.
Бу жараёнларнинг самараси Тошкент вилояти мисолида ҳам яққол кўзга ташланяпти. Хусусан, сўнгги ўн йилда вилоят таълим соҳасига йўналтирилган маблағлар 6,2 баробар ошиб, 31,5 триллион сўмни ташкил этди. Бу эса таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, янги муассасалар ташкил этиш ва таълим сифати учун зарур шароитларни яратиш имконини берди.
2016 йилда вилоятдаги мактабгача таълим ташкилотлари сони 441 тани ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб уларнинг сони 2 минг 433 тага етди. Мактабгача таълим билан қамров даражаси эса 27,2 фоиздан 73,9 фоизга ошди. Янги ўқув йилида эса 61 минг 706 нафар ўқувчи 1-синфга қабул қилинди. Бу кўрсаткич битирувчилар сонига нисбатан 24 минг 324 нафарга, ўтган йилги қабулга нисбатан эса 4 минг 305 нафарга кўпдир.
Таълим сифатининг муҳим мезони, албатта, битирувчиларнинг эришаётган натижаларидир. Ўтган ўқув йилида вилоятда 37 минг 382 нафар ўқувчи 11-синфни тамомлади. Уларнинг 811 нафари олтин, 175 нафари кумуш медаль билан тақдирланди. Яна 1 минг 789 нафар битирувчининг муддатидан олдин талаба бўлгани ёшларнинг билим ва салоҳияти тобора юксалиб бораётганидан далолат беради.
Эътиборлиси, вилоят умумтаълим мактабларини тамомлаган 13 нафар ўқувчи дунёнинг ТОП-100 талигига кирувчи хорижий олий таълим муассасалари талабаси бўлди. Бу натижа мактабда берилаётган таълимнинг халқаро рақобат муҳитига мослашиб бораётганини кўрсатади.
Ислоҳотларнинг яна бир муҳим йўналиши таълимда тенг имкониятларни таъминлашдир. Имконияти чекланган болалар учун зарур шароитлар яратиш мақсадида 294 та мактабнинг 54 тасида тўсиқсиз муҳит шакллантирилди, 412 та инклюзив синф ва 150 та коррексион хона ташкил этилди. Бу эса уйда таълим олаётган болаларнинг ҳам тенгдошлари билан бир қаторда таълим олиши ва жамоага интеграциялашуви учун муҳим имконият яратмоқда.
Таълим сифати, аввало, педагог салоҳияти билан белгиланади. Шу боис ўқитувчиларни рағбатлантириш ва уларнинг меҳнатини муносиб қадрлашга ҳам эътибор кучайди. Агар 2017 йилда педагог ходимларга иш ҳақидан ташқари тўланадиган устама ва қўшимча ҳақлар 15 турни ташкил этган бўлса, бугун уларнинг сони 40 тадан ошди.
Албатта, бу натижалар эришилган марраларни ифодалайди. Бироқ таълим соҳасида ҳали олдинда турган вазифалар кўп. Зеро, бугунги мактаб фақат билим бериладиган маскан эмас. У ёш авлоднинг мустақил фикрлаши, ижодий қобилияти, шахсий фазилатлари, ватанпарварлиги ва замонавий дунёда муносиб ўрин эгаллаши учун зарур кўникмалар шаклланадиган муҳим маърифат ва тарбия даргоҳидир.

Шу нуқтаи назардан, таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг асосий мақсади рақамлар ёки янги муассасалар сони билан чекланмайди. Энг муҳим натижа сифатли таълим олган, мустақил фикрлайдиган, касб ва билимга интиладиган, юрт тараққиёти учун масъулиятни ҳис этадиган ёш авлодни вояга етказишдир.
Бугунги ютуқлар эртанги вазифалар учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилиши керак. Таълимда тўхтаб қолишга ҳаққимиз йўқ. Чунки сифатли таълим кучли жамият, билимли авлод ва фаровон келажакнинг энг муҳим кафолатидир.
Шерзод Маматқулов,
Халқ депутатлари Тошкент вилояти
Кенгаши депутати,
ЎзА