ОКМК нуфузли халқаро сертификатларни қўлга киритди
Олмалиқ кон-металлургия комбинатига Халқаро мис уюшмаси ташаббуси билан 2019 йилда тузилган “Copper Mark” ташкилоти томонидан The Copper Mark ва The Molybdenum Mark сертификатлари тақдим этилди.
Мазкур сертификатлар мис ва молибден маҳсулотларининг Европа бозорларида рақобатбардошлигини таъминлаши билан аҳамиятли саналади.
Тақдим этилган сертификатлар комбинатнинг жаҳон миқёсида “масъулиятли мис ва молибден ишлаб чиқарувчи” эканини ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқ фаолият юритаётганини тасдиқлайди.
Этиборлиси, ОКМК Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида ушбу сертификатларни қўлга киритган биринчи корхона бўлди. Жараён доирасида комбинат халқаро аудит томонидан 32 та мезон асосида баҳоланиб, барча йўналишлар бўйича ижобий хулосага эга бўлди.

Бу ўз навбатида, комбинатга халқаро бозорларга тўсиқсиз чиқиш ҳамда трансмиллий гигант компаниялар билан етказиб берувчи сифатида тўғридан-тўғри шартномалар тузиш имкониятини беради.
Шу билан бирга, мазкур сертификатлар инвесторлар ва жамоатчилик ишончини ошириш, ESG-рискларни камайтириш ҳамда халқаро молия институтлари маблағларини янада жозибадор шартларда жалб қилиш учун қулай шароит яратади.

“Масъулиятли ишлаб чиқарувчи” хом-ашёсидан фойдаланган ҳолда маҳаллий электротехника саноати корхоналарида ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг ташқи бозорларда рақобатбардошлигини таъминлайди.
Бундан ташқари, комбинатнинг халқаро талабларга мувофиқ фаолият юритиши республиканинг экология, ижтимоий соҳа ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги халқаро нуфузини янада юксалтиришга хизмат қилади.
Маълумот учун: ушбу нуфузли сертификатлар Халқаро мис уюшмаси ташаббуси билан 2019 йилда тузилган “Copper Mark” ташкилоти томонидан берилади ва Лондон металлар биржаси, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (38 та давлат киради, 2026 йил февраль ойида Ўзбекистон билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланган) ва бошқа халқаро ташкилотлар томонидан тан олинади.
ЎзА