Божхона назоратида “гашиш” ва сигарет тўхтатиб қолинди
Сурхондарё вилояти божхона бошқармасининг “Айритом” чегара божхона постида қўшни давлатдан юк автотранспорт воситасида мамлакатимизга олиб ўтишга уринилган “гашиш” гиёҳвандлик моддаси ушлаб қолинди.
Қўшни давлатдан кириб келган юк автотранспорт воситаси божхона ходимлари ва Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ҳамкорлигида белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилганида транспорт воситасининг салон қисмидаги қутича ва ўриндиқ остига яширилган 12 дона полиэтилен ўрамда ўзига хос ўткир ҳидга эга модда борлиги аниқланди. Полиэтилен ўрамлар очилиб, махсус электрон тарозида ўлчаб кўрилганда 366 грамм “гашиш” гиёҳвандлик воситаси экани маълум бўлди.

Бу ноқонуний ҳаракатнинг яна бир эътиборли жиҳати¬ юртимизга ғайриқонуний ўтказишга уринилган гиёҳвандлик воситасини аниқлашни оғирлаштириш учун уни икки минг сўмлик пул купюраларига ўраб яширмоқчи бўлишган. Бироқ, бу уриниш ҳам божхона ходимларини чалғита олмади.
Иккинчи бир ҳолатда “Айритом” чегара божхона пости орқали мамлакатимиз ҳудудига кириб келган яна бир юк машинаси ёқилғи баки ичидан 150 миллион сўмлик ноқонуний сигарет борлиги аниқланди.

Божхоначилар автотранспорт воситасини назоратдан ўтказаётганида сигарет маҳсулотлари қўшимча ўрнатилган ёқилғи баки ичига яширилганини пайқаб қолди. Бу ҳаракати билан қонунбузар ҳайдовчи зийрак божхона ходимларини чалғитишга уринган бўлса-да, “пухталик” ҳам унга иш бермади. Қиймати қарийб 150 миллион сўмлик 4 минг 740 қути акциз маркаларсиз ноқонуний тамаки маҳсулоти божхона постида тўхтатиб қолинди.

Айни пайтда ҳар икки ҳолат юзасидан божхона органлари терговга қадар текширув ҳаракатларини олиб бормоқда.
Нилуфар Бозорова, ЎзА