Экология учун инновациялар
Қорақалпоғистон Республикаси Нукус тумани ҳокими Зиёвуддин Зайтов Оролбўйи халқаро инновация марказига ташриф буюриб, фаолиятнинг асосий йўналишлари, амалга оширилаётган лойиҳалар ва замонавий инфратузилма билан танишди.
Танишув давомида туман раҳбариятига марказнинг экология, қишлоқ хўжалиги, сувни тежаш, иқлим ўзгаришига мослашиш ва Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш соҳаларида инновацион ечимларни жорий этишга қаратилган фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, халқаро ташкилотлар ва хорижий ҳамкорлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган илмий-тадқиқот ва тажриба-синов лойиҳалари намойиш этилди.

Марказнинг экологик ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш, намойиш майдончаларини ривожлантириш, шунингдек, аҳолининг экологик хабардорлигини ошириш борасидаги фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди. Марказ вакиллари ҳудуддаги экологик вазиятни яхшилашга қаратилган тренинглар, таълим дастурлари ва амалий тадбирлар ҳақида сўзлаб беришди.
Танишув чоғида туман ҳокими Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш, инновацион ёндашувни жорий этиш ва табиатдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш масалаларида марказ фаолиятининг муҳимлигини таъкидлади. Бундай ташаббуслар аҳолининг ижтимоий-иқтисодий шароитини яхшилаш ва атроф-муҳитни асрашда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Ташриф якунида ҳоким марказ жамоасига амалга оширилаётган ишлар учун миннатдорлик билдириб, ҳудудни ривожлантириш ва Оролбўйи аҳолиси фаровонлигини оширишга қаратилган истиқболли лойиҳаларни амалга оширишда келгусида ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини таъкидлади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.