Номзодлар турнирининг тақдирлаш маросимида Ўзбекистон номи улуғланди
Кипрда дунё шахмат оламининг энг муҳим мусобақаларидан бири Номзодлар турнири ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросимида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг енгилмас шахматчимиз Жавоҳир Синдоров билан мулоқоти халқаро телеканаллар, ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали жаҳон бўйлаб намойиш этилгани, турли тилларда эътироф этилгани тадбирнинг энг муҳим воқелиги бўлди.
Кипрнинг Пейя шаҳарчасида жойлашган “St. George’s Hotel & Resort”да ўтказилган бир ярим соатлик тақдирлаш тантаналарида онлайн тарзда иштирок этган Кипр президенти Никос Христодулидис турнирнинг ҳар жиҳатдан юқори даражада ўтгани, ғолибликка эришган шахматчилар профессионаллик кўрсатганини эътироф этди.

Беш карра жаҳон чемпиони, ФИДE вице-президенти Вишванатан Ананд шахмат оламида инкор этиб бўлмайдиган авлодлар алмашинуви юз бераётгани, ўзбек спортчиси Жавоҳир Синдоров ва ҳинд вакиласи Ваишали Рамешбабу қўрқмас ва тафаккур кенглиги билан Номзодлар турнирининг бу йилги мусобақаларига ўзгача руҳ бағишлаганини таъкидлади.
Шундан сўнг аёллар ўртасида ғолибликка эришган Ваишали Рамешбабу, кумуш медалга эга чиққан қозоғистонлик Бибисара Ассаубаева, бронза медаль соҳибаси хитойлик Чжу Цзиньэр махсус совринлар билан тақдирланди.

Байрамона ташкил этилган тақдирлаш маросимининг эркаклар мусобақаси совриндорларига тегишли мукофотларни тақдим этиш жараёни барчасидан ўзгача кечди.
Номзодлар турнирида 7,5 очко билан 3-ўринни эгаллаган америкалик Фабиано Каруанага бронза, 8,5 очко жамғарган ҳолда 2-ўринга эгалик қилган Нидерландия вакили Аниш Гирига кумуш медаль ҳамда тегишли совринлар топширилди.

Турнир давомидаги муросасиз баҳсларда бетакрор истеъдоди ва профессионаллигини намойиш этиб, 10 очко билан рақибларини 1,5 очко ҳисобидаги фарқ билан ортда қолдириб, ғолиблик шоҳсупасига кўтарилган Жавоҳир Синдоровга олтин медаль, тегишли совринлар топширилди ва олис Кипрда унинг ғалабаси шарафига Ўзбекистон байроғи юксалиб, мадҳиямиз баралла янгради.

Тақдирлаш маросимида янграган унутилмас мусиқа садолари, олқишлар, рақслар сўнггида кенг жамоатчиликка ва телеканаллар орқали Президентимиз Шавкат Мирзиёев ва Жавоҳир Синдоровнинг телефон орқали суҳбати намойиш этилди.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА