Суперлига: “Навбаҳор”ни Тошкентда жиддий синов кутмоқда
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасида бугун, 17 апрель куни 8-тур старт олади ва 19 апрелга қадар давом этади. Турнинг илк кунидан 3 та учрашув ўрин олган.
Бугунги учрашувларни соат 18:00 да “Локомотив” — “Навбаҳор” клублари ўртасидаги тўқнашув бошлаб берса, орадан бир соат ўтиб, OKMK — “Бухоро” жамоалари рақобатлашади. Куннинг сўнгги учрашуви соат 20:15 да бошланадиган “Сурхон” — “Қизилқум” баҳси бўлади.

Маълумот учун, “Локомотив” — “Навбаҳор” жамоалари бугунга қадар миллий чемпионатимизда жами 40 та ўйин ўтказган. Уларнинг 20 тасида наманганликлар ғалаба қозонган бўлса, 15 та ўйинда пойтахт клуби зафар қучган. Қолган 5 та баҳс дуранг билан якунланган. Тўплар нисбати 58:53, “Навбаҳор” фойдасига.

Айни дамда “Навбаҳор” 15 очко билан Суперлига жадвалида кучли учликни якунлаб турган бўлса, “Локомотив” 11 очко жамғарган ҳолда 7-ўринни эгаллаган.

Эслатиб ўтамиз, Лиганинг 8-турида эртага, 18 апрель куни “Нефтчи” — “Насаф”, “Машъал” — “Хоразм”, “Пахтакор” — “Динамо” учрашувига гувоҳ бўламиз. 19 апрелда “Сўғдиёна” — “Бунёдкор” ва “Қўқон-1912” — “Андижон” клублари беллашади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА