Никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти ва ажримларнинг олдини олиш
Ҳар бир инсоннинг ҳаёти туғилганидан умрининг охиригача оила даврасида кечади. Оила эса, албатта, никоҳ тузилганидан сўнг вужудга келади. Кўплаб ҳолатларда фуқаролардан оилавий можаролар, алимент масаласи, шунингдек, ажралиш ҳолатларидаги мулкий низолар хусусида хат ва аризалар келиб тушади.
Уларни таҳлил қилар эканмиз, бу ҳолатлар оилавий муҳит, фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини билмасликлари оқибатида келиб чиқаётганига амин бўламиз. Мамлакатимиз қонунчилигида никоҳ тузиш шартлари, тартиби, никоҳ шартномаси ва уни ўзгартириш, бекор қилиш омиллари белгилаб қўйилган.
Қуйида мазкур муносабатлар ҳақида батафсилроқ маълумот беришни лозим топдик.
Даставвал...
Оила - инсоннинг ҳаёти, фаолияти, бир сўз билан айтганда, бутун умри чамбарчас боғлиқ ҳолда кечадиган мўътабар маскан. Мамлакатимизнинг юздан зиёд қонун ва қонуности ҳужжатларида оила манфаати ва унинг ҳимоясини мустаҳкамлаш назарда тутилган. Жумладан, 1998 йилда қабул қилинган Оила кодексида никоҳ тузиш ёки никоҳнинг тугатилиши, мулкий, болаларнинг насл-насабини белгилаш, алимент мажбуриятлари, туғилишни, никоҳ тузилганлиги, ўлимни қайд этиш, фамилия, исм, ота исмини ўзгартириш каби муносабатлар тартибга солинган.
Олий суд Пленумининг 2011 йил 20 июлдаги “Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги 6-сон Қарорида судлар оилани мустаҳкамлашга қаратилган барча чораларни кўришлари лозимлиги таъкидланган.
Оилавий муносабатларни тартибга солиш эркак ва аёлнинг ихтиёрий равишда никоҳланиб тузган иттифоқи, эр ва хотиннинг шахсий ҳамда мулкий ҳуқуқлари тенглиги, ички оилавий масалаларнинг ўзаро келишув йўли билан ҳал қилиниши, оилада болалар тарбияси, уларнинг фаровон ҳаёт кечириши ва камолоти ҳақида ғамхўрлик қилиш, вояга етмаган ва меҳнатга лаёқатсиз оила аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш устуворлиги тамойиллари асосида амалга оширилади.
Ҳақиқатан, оила - муқаддас даргоҳ. Табиийки, бу мезон никоҳнинг азиз тушунча эканини кўрсатади.
Никоҳ тузиш шартлари
Никоҳ - эркак ва аёлнинг оила тузиш мақсадидаги ихтиёрий ва тенг ҳуқуқли иттифоқи. У эр-хотиннинг ўзаро ҳуқуқ ва бурчларини вужудга келтиради.
Мамлакатимизда ҳар йили 250 мингдан зиёд никоҳ тузилади. Уларни тузишда мажбурий тусдаги муайян юридик расмиятчиликларга риоя қилиш талаб этилади.
Никоҳ тузиш учун қуйидаги шартлар бажарилиши керак:
- никоҳга кираётган шахсларнинг ўзаро розилиги. Бунда никоҳ тузишга бирор шахс томонидан мажбур қилиш тақиқланади;
- қонунда белгиланган ёшга етиш эркаклар ва аёллар учун - 18 ёш этиб белгиланади, бироқ узрли сабаблар бўлганида туман, шаҳар ҳокими никоҳ ёшини кўпи билан бир йилга камайтириши мумкин (Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси, 15-модда).
Қуйидаги ҳолларда никоҳ тузишга йўл қўйилмайди:
- лоақал биттаси рўйхатга олинган бошқа никоҳда турган шахслар ўртасида;
- насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида;
- фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида. Уларнинг ҳуқуқий муносабатлари ота-оналар билан фарзандлар ўртасидаги муносабатлар кўринишида қурилади;
- лоақал биттаси руҳият бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақлий заифлиги) сабабли суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар ўртасида.
Туғишган муносабатлари бўлган шахслар қариндошлар ҳисобланади. Эр-хотин қариндош саналмайди, чунки улар орасида туғишган муносабат мавжуд эмас.
Насл-насаб бўйича тўғри туташган қариндошларга биттаси иккинчисидан туғилганлари киради (фарзандлар, ота-оналар, неваралар, бобо, буви ва бошқалар). Туғишган ака-укалар ва опа-сингиллар битта ота-онага, ўгай ака-укалар ва опа-сингиллар эса битта ота ёки битта онага эга. Бунда битта онадан туғилган болалар туғишган, битта отадан туғилган болалар эса қондош фарзандлар деб аталади. Қонунда ака-укалар ва опа-сингиллар ҳуқуқий ҳолатида бундай белги бўйича бирор фарқ белгиланмайди.
Никоҳ тузиш тартиби
Қонунда никоҳ тузишнинг тартиби белгиланган. Оила тузишга қарор қилган шахслар фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш (ФҲДЁ) органларига ариза беради. Никоҳ ариза берилганидан кейин бир ой ўтгач, никоҳдан ўтаётган шахсларнинг бевосита иштирокида рўйхатдан ўтказилади. Вакил орқали никоҳ тузилишига йўл қўйилмайди.
Никоҳ ФҲДЁ органларида қайд қилинмаганда никоҳга кирувчилар ўртасида ҳуқуқий муносабатлар юзага келмайди.
Неча ёшгача никоҳга кириш мумкинлиги қонун томонидан чегараланмайди.
Никоҳда тиббий кўрик
Никоҳдан ўтаётган ёшларимиз қонунда белгиланган тартиб ва қоида асосида никоҳдан олдин белгиланган шартларни амалга оширадилар.
Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги 365-сонли қарори билан тасдиқланган “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисида”ги Низомга асосан турмуш қураётган ёшлар тиббий кўрикдан ўтиши мажбурий қилиб белгиланган. Никоҳланувчи шахслар давлат соғлиқни сақлаш тизими муассасаларида бепул тиббий кўрикдан ўтадилар. Эллик ёшдан ошган никоҳланувчи шахслар ҳомиладорлик, бола туғилиши, бир тарафнинг касаллиги ва бошқа ҳоллар мавжуд бўлганда тиббий кўрикдан ўз розилиги билан ўтказилади.
Ҳозирги кунда фуқароларимиз томонидан фақатгина шаръий никоҳ билан оила қуриб яшаб келаётганлар ҳам йўқ эмас. Улар кўпинча тиббий текширувсиз, бир-бирларининг соғлиғи ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлмасдан оила қуришмоқда. Бу билан улар билиб-билмай ўзлари ва дунёга келажак фарзандларининг соғлиғини хатарга қўйишади. Мисол учун, 2010 йилда фуқаро Н. ва Ш.лар тиббий кўрик натижаси ва келиннинг ҳомиладорлиги ҳақидаги маълумотномани тақдим этиб, никоҳларини шу куннинг ўзида қайд қилишни сўрашган. Тиббий кўрик натижалари ўрганилганда, куёв руҳий касалликлар диспансерида ҳисобда туриши аниқланган. Лекин уларнинг ўзаро розилиги, келиннинг ҳомиладорлиги боис никоҳ қайд қилинган.
Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун диний идора ходимлари томонидан шаръий никоҳ ўқилишидан аввал уларнинг никоҳ гувоҳномаларини талаб қилишлари мақсадга мувофиқдир.
Никоҳда мулкий ҳуқуқлар
Эр-хотинлар орасида шахсий ҳуқуқ ва мажбуриятлар билан бирга мулкий тусдаги ҳуқуқ муносабатлари ҳам вужудга келади. Шубҳасиз, улар ўта муҳим аҳамият касб этади, чунки мулк - оила фаровонлигининг иқтисодий асоси ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси (5-боб) эр-хотинлар мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларини икки асосий тамойилдан келиб чиқиб белгилайди:
- эр ва хотиннинг никоҳга қадар ўзига тегишли бўлган мол-мулки уларнинг ҳар бирининг ўз мулки ҳисобланади;
- эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек, никоҳ қайд этилгунига қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади.
Гап шундаки, никоҳ тузилаётган пайтда қизиқишлар, ҳис-туйғулар, ўзаро боғлиқликка асосланган янги иттифоқ вужудга келади. Эр-хотиннинг ҳаёти “никоҳга қадар” ва “никоҳ пайтида” деб номланган икки босқичга бўлинади, зеро, никоҳ иттифоқининг тузилиши эр-хотин ўзаро мулкий муносабатларида ҳам кўзга ташланади. Шундай қилиб, никоҳ тузилгунига қадар улардан бирининг шахсий автомобили бўлган бўлса, у тегишли кишининг мулки бўлиб қолаверади; агар эр-хотин никоҳ тузилганидан кейин қонунда белгиланган тартибда яна бир автомобил харид қилишса, у уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади, яъни эр-хотин биргаликда автомобилга эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф қилади.
Никоҳ шартномаси
Эр-хотин ўз муносабатларини муҳаббат ва ҳурмат асосида қуришса, мол-мулк билан боғлиқ масалалар низоларсиз ҳал қилинади. Агар оила бузилаётган ёки бузилган бўлса, қатор муаммолар вужудга келади. Бундай ҳолларда мулкий ҳуқуқ муносабатларини қатъий ҳуқуқий тартибга солиш зарур.
Эр-хотиннинг мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлари моҳиятини аниқлаш учун никоҳ шартномаси тузилади.
Никоҳланувчи шахсларнинг ёки эр ва хотиннинг никоҳда бўлган даврида ва (ёки) эр ва хотин никоҳдан ажратилган тақдирда уларнинг мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишуви никоҳ шартномаси ҳисобланади (Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси, 29-модда).
Никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олингунга қадар ҳам, шунингдек, никоҳ даврида ҳам тузилиши мумкин. Никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб кучга киради, у ёзма шаклда тузилади ва нотариал тартибда тасдиқланади.
Никоҳ шартномасининг мазмуни
Эр-хотин никоҳ шартномасини тузишда:
- биргаликдаги умумий мулкнинг қонунда белгиланган тартибини ўзгартириш;
- эр ва хотиннинг барча мол-мулкига, унинг айрим турларига ёхуд эр ва хотиндан ҳар бирининг мол-мулкига нисбатан биргаликдаги, улушли ёки алоҳида эгалик қилиш тартибини ўрнатиш;
- ўзаро моддий таъминот бериш, оила харажатларини кўтариш, бир-бирининг даромадида иштирок этиш, бошқа шахслар билан мулкий шартномалар тузиш, биргаликдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб олишга, никоҳдан ажралганда эр ва хотиннинг ҳар бирига бериладиган мулкни аниқлаб олишга ва ҳоказоларга ҳақли.
Никоҳ шартномасини ўзгартириш ва бекор қилиш
Никоҳ шартномасини бажаришдан бир томонлама бош тортишга йўл қўйилмайди. Бироқ эр-хотиндан бирининг талаби билан у суд тартибида ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин.
Никоҳ тугатилган пайтдан бошлаб никоҳ шартномасининг амал қилиши ҳам тугайди, никоҳ шартномасида никоҳ тугатилганидан кейинги давр учун назарда тутилган мажбуриятлар бундан мустасно.
Никоҳ шартномаси эр-хотиннинг келишуви билан исталган вақтда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин. Никоҳ шартномаси қандай шаклда тузилган бўлса, унинг ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши ҳам шундай шаклда амалга оширилади (Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси, 32-модда).
Хулоса ўрнида айтиш лозимки, никоҳ муқаддас, у ҳар бир кишининг келажагини белгилайдиган муҳим ва масъулиятли маросим. Бир донишманд айтганидек, никоҳдан ўтиш мажбурий эмас, лекин ундан ўтдингми, унинг қонун-қоидаларига риоя этиш мажбурий. Никоҳдан ўтишнинг ўз масъулияти ва мажбурияти бор, албатта. Зеро, никоҳнинг қонун-қоидаларига сўзсиз бўйсуниш, ҳаётнинг оғир ва енгилига доимо тайёр бўлиш, турмуш синовларини сабот ва матонат билан енгиш оилавий бахт калитидир.
Зафар Султанов, Хоразм вилоят судининг фуқаролик ишлшари бўйича судьяси